Тоғли Қорабоғ: Озарбайжон давлати таркибидами?
Тоғли Қорабоғ бу азалдан арманлар яшаган, аммо Совет даврида Озарбайжон ССР таркибига киритилган тоғли минтақадир. 1991 йилда СССР парчаланганидан кейин минтақада арманлар ва озарбайжонлар ўртасида қонли можаро келиб чиқди, бу 1994 йилгача давом этди ва юз минглаб қурбонлар ва қочқинлар пайдо бўлишига олиб келди.
Уруш натижасида Арманистон томони тоғли Қорабоғнинг катта қисми ва Озарбайжоннинг еттита қўшни вилояти устидан назоратни қўлга киритди. Бу ерда Арцах республикаси ўз мустақиллигини эълон қилди, уни дунёнинг бирон бир мамлакати, шу жумладан ҳатто Арманистон ҳам тан олмаган.
Кейинги 26 йил ичида можаро “на тинчлик, на уруш” ҳолатида музлаб қолди, вақти-вақти билан маҳаллий тўқнашувлар ва ЕХҲТ бошчилигидаги музокаралар бўлиб турди. Бироқ, 2020 йилда вазият кескин ўзгарди. 27 сентябр куни Озарбайжон армияси босиб олинган ҳудудларни озод қилиш учун кенг кўламли ҳужум операциясини бошлади.
Уруш 44 кун давом этди ва Озарбайжоннинг мутлақ устунлиги фонида 2020 йил 20-ноябрда Озарбайжон, Арманистон ва Россия ўртасидаги уч томонлама сулҳ битими имзоланиши билан якунланди. Ушбу келишувга биноан Арманистон томони тоғли Қорабоғнинг муҳим ҳудудларини ва унинг атрофидаги барча ишғол қилинган ҳудудларни йўқотди.
Россиянинг 2 мингга яқин тинчликпарвар корпуси аскарлари алоқа чизиғи ва Лочин коридори бўйлаб жойлаштирилиб, Қорабоғ ва Арманистон ўртасидаги тинч алоқани таъминлаши керак эди. Қорабоғнинг маданий пойтахти ва унинг ўзига хослиги рамзи ҳисобланган Шуша шаҳри Озарбайжон назорати остида қолди.
Яна бир муҳим жиҳатни айтиб ўтишим керак. Тоғли Қорабоғ ҳудудини дунёнинг жуда кўплаб мамлакатлари Арманистон томонидан оккупация қилинган ерлар деб тан оларди. Бу кейсни Россия-Украина кейси мисолида оддий қилиб тушинтирсам, Қорабоғ бу Қрим. Озарбайжон бу Украина. Фарқи Озарбайжон қачонлардир босиб олинган ерларини қайтариб олди, Украина эса шу йўлда кетяпти.
Аммо Озарбайжон учун энг катта муаммо барибир ечилмай қолганди. Тоғли Қорабоғ (Арцах) республикасини тугатиш, қуролли кучларини қуролсизлантириш ва Озарбайжон худуди деб эълон қилиш. 2023 йилнинг 19-21 сентябрь кунлари айнан шу режалар амалга оширилди. Минтақада Россия тинчликпарвар кучлари бўлишига қарамасдан Озарбайжон бир сутка давомида ўз мақсадига эришди. Россия яна Арманистонга ёрдам бермади. Уни ўзини муаммолари етарли эди…
Озарбайжон қандай қилиб бундай муваффақиятга эришди?
Бунга бир нечта сабаблар бор.
Биринчидан, мағлубият туфайли тараққиёт ва фаровонликдан маҳрум бўлган ерларини қайтаришга интилган озар халқи ва ҳукуматининг юксак ғайрати ва бирлиги эди.
Иккинчидан, Озарбайжоннинг петрократияга асосланган кучли иқтисодиёти унга армияни модернизация қилиш, Исроил каби қуролнинг пири бўлган мамлакатлардан қуроллар сотиб олиш, дронлар ва ракеталар ёрдамида ҳаводаги устунликни таъминлашга имкон берди.
Учинчидан, бу Озарбайжон учун стратегик иттифоқчи ва қардош мамлакат бўлган Туркиянинг қўллаб-қувватлаши эди. Туркия Озарбайжонга сиёсий, дипломатик ва ҳарбий ёрдам кўрсатди.
Тўртинчидан, можаро томонларига босим ўтказа олмаган ва урушни тўхтатишга уринмаган халқаро ҳамжамиятнинг пассивлиги эди. Бу, айниқса, тарихан Арманистон хавфсизлигининг гаранти ҳисобланган Россияга тегишли.
Шундай қилиб, Озарбайжон ўзининг қатъияти, кучи, Туркияни қўллаб-қувватлаши, Арманистон ва халқаро воситачиларнинг заифлиги туфайли тоғли Қорабоғга тўлиқ қайтди.
Бироқ, кўплаб саволлар очиқ қолмоқда: Қочқинлар ўз уйларига қандай қайтади? Вайрон қилинган шаҳар ва қишлоқлар қандай тикланади? Қорабоғдаги арман аҳолисининг ҳуқуқ ва манфаатлари қандай ҳал қилинади? Улар энди Озарбайжон фуқароларига айланадилар, тенг ҳуқуқлилик таъминланадими? Келажакда Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги муносабатлар қандай ривожланади? Бугун оталари урушда ўлган болаларда реваншистик кайфият туғилмаслиги учун қандай ижтимоий ишлар амалга оширилади…
Бу саволларга ҳозирча аниқ жавоблар йўқ, аммо томонлар халқаро ҳуқуқ ва адолат тамойилларига асосланган муросали ечимларни топа олишларига умид бор.
Манба: Нурбек Олимовнинг телеграм канали