Ахсикентда иқтисодий юксалиш
Ҳунармандчилик ва амалий санъатнинг барча соҳалари ривожланиши учун талаб этиладиган зарурий хом ашёлар, яъни, соз тупроқ, ранглар тайёрлаш учун ҳар хил ўсимликлар, пахта, пилла, тери, кварц қуми, даламит, пигматит, дала шпати, каолин, қалай, жез, кумуш, олтин, темир ва бошқа рудалар Ахсикент ва унинг атрофида мавжуд эди.
Фарғона водийсида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар савдоси нафақат Мовароуннаҳрда, балки Буюк Ипак йўли орқали оламга машҳур бўлган.
Шаҳарда арк, мудофаа девор ва миноралари, зарбхона, жомъе масжиди, чиллахона, мадрасалар, кутубхона, девонхона каби маъмурий бинолар, ҳаммом, ер ости ва усти сув йўли иншоотлари тизими, ҳовузлар, шаҳристон ва шаҳристон ташқарисида (работ) бозорлар, карвонсаройлар, ҳунармандлар мавзеси; дурадгорлик, ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, мисгарлик, шишасозлик, темирчилик, қандолатчилик, тўқимачилик ва бошқалар мавжуд бўлган.
Шунингдек, шаҳар атрофларидаги бир неча километрлаб қуюк боғ-роғлар, деҳқончилик, савдо-сотиқ, илм-маърифат, ишлаб чиқариш ва бошқа омилларнинг юксак даражадалиги аҳоли фаровонлиги, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тараққиёт
ўша даврда нечоғли юқори бўлганлигини кўрсатади.
Тили ва диний эътиқоди турли бўлишига қарамай, Ўрта Осиё, жумладан, Фарғона халқлари ёнма-ён, тинч-тотув ҳаёт кечирганлар. Бу ўз навбатида иқтисодий юксалишга олиб келган.
Маълумот: “Буюкларга бешик бЎлган” китоб асосида таёрланди.