Ахсикент тузилиши

Маълум бўлишича, Туркистоннинг бошқа йирик шаҳарлари сингари Ахсикент ҳам ўзининг тузилишига кўра, қалъаси, шаҳристони (ички шаҳар) ва работидан (ташқи шаҳар) иборат эди. Қадимда шаҳарнинг тўртта, айрим манбаларда эса бешта дарвозаси мавжуд бўлиб, улар
1. Боб Бужайр,
2. Боб ал-Маркаша,
3. Боб Косон,
4. Боб ал-Жомеъ ва
5. Роҳоба деб аталган.
IХ асргача шаҳристон мудофаа девори билан ўраб олинган ва унинг қалинлиги 5-10, баландлиги эса 20 метргача етган. Машҳур сайёҳ ва олим Ёқут Ҳамавий (1179-1229 йй.) «Мўъжам ал-булдон» номли асарида Фарғона ҳақидаги ал-Истахрийнинг сўзини келтириб шундай ёзади: «Агар сиз шаҳар ўртасидаги катта қўрғонга чикиб, ундан Фарғона атрофига назар солсангиз, худди қоғозга чизилган харитага ёки рангли суратга ўхшаган бир манзарага кўзингиз тушади. Бу ўлканинг бош шаҳри (пойтахти) Ахсикатдир. Ахсикат Фарғона томонда бир улуғ шаҳар бўлиб, Сайхун (Сирдарё) дарёсининг ёқасидаги текис гўзал водийга жойлашган. Улкан мудофаа истеҳкомига эга муҳташам ва мустаҳкам шаҳардир».
Археологик материалларни хитой манбаларига қиёслаб ўрганиш туфайли Фарғона давлатининг пойтахти Фарғона шаҳри (Юань) қаерда жойлашганлиги аниқланди. Хитой элчиси Чжан Цянь кўрган Фарғонанинг пойтахти (Юань) Эски Ахси (Ахсикент) ёдгорлиги ҳудудида жойлашган. Ёдгорликда топилган милоддан аввалги II асрнинг охири – I асрнинг биринчи ярмига тааллуқли мудофаа истеҳкомлари бундан далолат беради. Манзилгоҳни қазиб ўрганган қадимшунос олимлар моддий – ашёвий далиллар ва энг кўҳна ёзма хитой манбаларига таянган ҳолда шаҳарнинг пайдо бўлишини тахминан милоддан аввалги III асрларга тўғри келиши маълумотини берганлар.