БОЛА ПАРВАРИШЛАШ ТАЪТИЛИ ОНАЛАРДАН ТАШКАРИ ЯНА КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?
Меҳнат кодексининг 234-моддаси биринчи қисмига мувофиқ ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонунчиликда белгиланган тартибда нафақа тўланади.
✅ Қоиданинг мазмунига кўра бола парваришлаш таътили боланинг онасига берилади.
☝️Ушбу модданинг учинчи қисмига кўра болани парваришлаш учун бериладиган таътиллардан боланинг отаси, бувиси, буваси ёки болани амалда парваришлаётган бошқа қариндошлари ҳам тўлиқ ёки уни қисмларга бўлиб фойдаланишлари мумкин.
✅ Демак, болани амалда парваришлаётган бошқа қариндошлари ҳам қаровчи сифатида бола парваришлаш таътилига чиқишга ҳақли.
Энди қаранг! Аёл ёки ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган шахслар ўз хоҳишларига кўра, болани парваришлаш таътили даврида тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ёки иш берувчи билан келишиб, уйда ишлашлари мумкин. Бунда уларнинг нафақа олиш ҳуқуқлари (ушбу модданинг биринчи қисми) сақланиб қолади.
Юқоридагиларга кўра хулоса қиладиган бўлсак, сиз бола парваришлаш таътилига чиқиш учун иш берувчига ариза билан мурожаат қилишингиз керак. Бунда агар иш берувчи билан келиша олсангиз, тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ишлашни давом эттиришингиз ҳам мумкин.
? Манба: Yurist xizmati