Педагоглар учун тиббий кўрикдан ўтиш бепул

Меҳнат кодексининг 501-моддасига кўра, умумий ўрта таълим ташкилотларининг, мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг болаларни ўқитиш ёки тарбиялаш билан бевосита шуғулланувчи педагог ходимлари ва бошқа ходимлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган тартибда дастлабки тарзда (ишга қабул қилиш чоғида) ва даврий (иш жараёнида) мажбурий тиббий кўриклардан ўтади.

Педагог ходимлар бир йилда бир марта албатта тиббий кўрикдан ўтишлари талаб этилади. “Таълим тўғрисида”ги Қонунининг 46-моддасида мажбурий тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтиш – педагог ходимларнинг мажбуриятларидан бири этиб белгиланган бўлиб, ушбу Қонуннинг 45-моддасига асосан педагог ходимларга давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтиш ҳуқуқи берилган.

Маълумки, ўқитувчилар учун барча шаҳар ва туманлар кўп тармоқли марказий поликлиникаларида тиббий кўрик бепул бўлиши белгилаб қўйилди. Аммо тиббий кўрикдан ўтишнинг ҳам тартиби бор.

Қонунчиликка кўра, ходимлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2012 йил 10 июлдаги “Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида“ги 200-сонли буйруғи асосида тиббий кўрикдан ўтказилади.

Бу жараёнда туман СЭО, иш берувчи, касаба уюшма қўмитаси ва тиббиёт муассасаларига бир қатор вазифалар белгиланган. Иш берувчи яъни директор ҳудудий СЭО ва мактаб касаба уюшмаси қўмитаси билан биргаликда ҳар календарь йилнинг 1 декабригача (2023-йилги ҳолатдан келиб чиқиб ўқув йили бошида) тиббий кўрикдан ўтказилиши шарт бўлган ходимларнинг рўйхатини тузади ва тиббий кўрикни ўтказувчи даволаш-профилактика муассасасига тақдим этади. Тақдим этилган рўйхат асосида ходимлар тиббий кўрикдан ўтказилади.

Меҳнат кодексининг 360-моддасига кўра, ходимлар мажбурий тиббий кўриклардан ўтиши муносабати билан чиқимдор бўлмайди. Мажбурий тиббий кўрикларни ўтказиш вақтида ходимнинг иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.

Агар педагог ходимлардан тиббий кўрик учун пул талаб қилиш ҳолатлари кузатилса, улар ўзлари фаолият кўрсатаётган Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши ёки адлия бўлимларига мурожаат қилишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ўқитувчиларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтишлари учун пул талаб қилиш тиббиёт бирлашмаси ва СЕО бўлимининг жаримага тортилишига сабаб бўлади.

Манба: Халк та’лими инфо телеграм канали