МАКТАБГА АВГУСТ ОЙИДА ФУҚАРОЛАРНИ ИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИБ БЎЛМАЙДИМИ?

Мактабга грант асосида ўқишни тугатган фуқаро ҳудудий бандлик марказидан йулланма билан келади. Мактабларда ходимни ишга олиш тўғрисида буйруқ расмийлаштиришда муаммо бўлади. Чунки янги ўқув йили учун тарификатция рўйхати ҳали тасдиқланмаган. Дарслар ҳам ўқитувчиларга бўлингани йўқ. Иш сўраб келган фуқарони мактаб ишга олгани билан ойлик маош тўлашнинг имкони бўлмайди. Шундай вазиятда Қандай амалларни бажарса тўғри бўлади?

#Жавоб
Кўпинча август ойида таълим муассасасига янги ишга кираётган фуқароларни ишга олишда кўпчилик муаммоларга дуч келади. Чунки бу пайтда тарификация рўйхатлари тасдиқланмаган бўлади. “Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра Халқ таълими вазирлиги томонидан тарификация рўйхатларини шакллантириш учун умумий ўрта таълимнинг таянч ўқув режаси ишлаб чиқилади.

Шундан сўнг умумтаълим муассасалари умумий ўрта таълимнинг таянч ўқув режаси асосида ҳар йили 10 сентябрга қадар умумтаълим муассасасининг дарс соатлари сеткасини шакллантиради.

Шакллантирилган дарс соатлари сеткаси эса умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши томонидан икки иш куни ичида кўриб чиқилиб, ҳар йили 15 сентябрга қадар ўқитувчиларга дарс соатлари “Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги низомда белгилаб берилган кўрсаткичларнинг устувор кетма-кетлиги асосида тақсимланади.

Педагогик кенгаши томонидан тақсимланган дарс соатлари ҳар йили 17 сентябрга қадар электрон дастурга киритганларидан сўнг ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ва ҳудудий молия органлари ҳар йили 25 сентябрга қадар ўқитувчиларнинг тарификация рўйхатини кўриб чиқади ва уларни тасдиқлайди. Шундан сўнггина халқ таълими муассасалари ходимларига иш ҳақи миқдорлари белгиланади.

Янги ишга кираётган фуқароларни август ойида ишга қабул қилиб, уларга ойлик маош тўлашнинг имкони йўқлиги учун кўпчилик бу ҳолатда қандай йўл тутишга қийналади. Шу сабабли амалиётда фуқаролар кўпроқ сентябрь ойидан бошлаб ишга қабул қилинади.

❕Аммо бу муаммони ечишнинг қонуний йўли ҳам мавжуд. Меҳнат кодексининг 83-моддасида қонунчиликка мувофиқ тузилган меҳнат шартномаси у имзоланган пайтдан бошлаб кучга кириши, ходим шартномада белгилаб қўйилган кундан бошлаб ўзининг меҳнат вазифаларини бажаришга киришмоғи лозим эканлиги қайд этилган.

Демак бу вазиятда мактаб директори янги ишга кираётган фуқаро билан тузилаётган меҳнат шартномасида ишнинг бошланиш куни ҳақида шартлашиб олиши мумкин.

Яъни мактабда ҳали дарс тақсимоти қилинмаган бўлса, август ойида янги ишга кираётган фуқаролар билан меҳнат шартномасини тузиб, ишга қабул қилинганлиги ҳақида буйруқ ҳам расмийлаштириб, фақат меҳнат шартномасида иш бошлаш санасини сентябрь ойи деб белгилаб қўйилади. Шунда буйруқ ҳам фуқаро билан тузилган меҳнат шартномаси ҳам қонуний бўлади.

Манба: ?Xalq ta’limi Info