Фарғона давлатидаги шахар ва қишлоқлар

VIII аср охири IХ аср бошларида Ахсикент шаҳри араб йилномаларида (Сўғд ҳужжатларида «Фраганик», деб номланган) «Фарғона», аталган. Яъни, пойтахт шаҳар, водий ва давлат бир номда бўлган. Илк араб солномаларидан ҳисобланган қомусий олим Абу Жаъфар ат-Табарий (839-923)нинг «Тарихи ар-расул ва-л-мулук», яъни, «Пайғамбарлар ва подшоҳлар тарихи» асарида Фарғона водийсидаги 5 та шаҳар:
1. Хўжанд,
2. Косон,
3. Боб,
4. Қубо ва
5. Фарғона тилга олинган.
Ибн Хурдодбеҳнинг милодий 846 йилда ёзилган «Китоб ал-масолик ул-мамолик» («Йўллар ва мамлакатлар ҳақида китоб») асарида Араб халифалиги қўл остидаги мамлакатлар, шаҳарлар ҳамда ўлкалар оралиғидаги масофа ва уларга бориладиган йўллар, аҳолидан ундириладиган солиқ ва жарималар миқдори ҳақида қисқа бўлса-да маълумотлар мавжуд. Айниқса, сомонийлардан Нуҳ ибн Асад (таваллуди номаълум 842 йилда вафот этган) ва Аҳмад ибн Асад (819-864) даврларида Сўғд ҳамда Фарғонанинг умумий аҳволи, Мовароуннаҳр ва Фарғонада IХ асрда истиқомат қилган туркий халқлар ҳақидаги маълумотлар бениҳоя қимматлидир.
Ўрта асрларда Фарғона водийсида қатор катта-кичик шаҳарлар барпо этилганлиги ва уларда илм-фаннинг турли соҳалари муваффақиятли ривожланганлиги аниқланган. Чунончи, Муқаддасий (X аср) ҳудудда қирқдан зиёд шаҳар бўлганлигини хабарини берган. Абдулкарим Самъоний эса, тўққизта шаҳар, еттита қишлоқ ва битта маҳаллани зикр этган.
1. Ахсикат,
2. Косон,
3. Марғилон,
4. Қува,
5. Ўш,
6. Ўзганд,
7. Хайлом,
8. Қўқон,
9. Хўжанд каби шаҳар,
1. Андукон,
2. Газак,
3. Заркан,
4. Йадухкат,
5. Навқад,
6. Ломиш қишлоқлари шулар жумласидандир.
Ибн Хурдодбеҳ VIII аср охири – IХ аср бошларида Боб ва Қубо шаҳарлари орасида Фарғона шаҳри жойлашганлиги хусусида битиб, унинг аниқ ўрнини ҳам кўрсатиб ўтган эди. Ёзилишича, Боб (Поп) ва Фарғона (Ахсикент) шаҳарларининг ўртасидаги масофа 4 фарсах (1 фарсах – 7-8 километр), ундан Қубо (Қува) шаҳригача эса 10 фарсахга тенг бўлган. Демак, Бобдан Фарғона шаҳригача 32 км., Фарғонадан Қубогача бўлган масофа 80 км.ни ташкил этган. Ҳозирги Поп ва Эски Ахси ёдгорликлари орасидаги масофа 32 – 35 километрга, Эски Ахсидан то Қува харобаларигача эса 80 – 85 километрга тенг.
Бундан сира ҳам иккиланмасдан хулоса чиқариш мумкинки, ибн Хурдодбеҳ асарида кўрсатилган «Фарғона» шаҳри ҳозирги Эски Ахси ёдгорлиги ўрнида бўлган. Ибн Хурдодбеҳ «Самарқанддан Фарғонагача 53 фарсах» эканлигини ҳам қайд этганди. IX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Фарғона шаҳри араб манбаларида Ахсикат, деб юритила бошланди. Лекин, нумизматик материалларнинг шаҳодатлик беришича, XI асрнинг ўрталаригача Фарғонанинг бош пойтахти икки ном билан Фарғона ва Ахсикат деб, аталган. Шунингдек, Осиёда сиёсий ҳокимият сомонийлардан қорахонийларга ўтгач, Ўзганд Фарғонанинг сиёсий пойтахти сифатида танилди. Лекин, водийнинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида Ахсикат шаҳри ўз мавқеини йўқотмади. Марказий Осиё, айниқса Фарғона шаҳарлари нафақат табиатининг хушманзаралиги балки, Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган савдо-сотиқ, санъат, меъморчилик, фалакиёт, металлургия, кимёгарлик, гидромелиорация, диний илм ва дунёвий фанлар соҳасидаги улкан мутафаккир, кашфиётчилар макони бўлганлиги билан ҳам машҳурдир.
Шунингдек, Ахсикат шаҳри бу шаҳарларнинг онаси сифатида алоҳида ўринга эгадир.
Маълумот: “Буюкларга бешик бЎлган” китоб асосида таёрланди.