Ахси, Ахсикат ёки Ахсикент

Ахси, Ахсикат ёки Ахсикент номи билан аталувчи қадимий шаҳар харобалари бугунги кунда Тўрақўрғон туманидаги Шаҳанд ва Гулқишлоқ қишлоқлари орасида, Сирдарёнинг шимолида дўнгтепаликлар кўринишида ястаниб ётибди.
Ахси манзилгоҳи энг йирик археологик ёдгорлик
Мазкур Эски Ахси манзилгоҳи Фарғона водийсидаги энг йирик археологик ёдгорлик ҳисобланиб, қарийб 70 гектарни ташкил этади. Манзилгоҳни қазиб ўрганган қадимшунос олимлар моддий – ашёвий далиллар ва энг кўҳна хитой ёзма манбаларига таянган ҳолда шаҳарнинг пайдо бўлишини тахминан милоддан аввалги III асрга тўғри келиши маълумотини берганлар.
Шаҳар 1621 йилги зилзила натижасида бутунлай вайронага айланган. Ахсикент тарихнинг кўп даврларида Фарғона водийсининг пойтахти вазифасини ўтаган.
Фарғона ҳақидаги дастлабки аниқ маълумотлар милоддан аввалги 128-127 йилларда бу ерларда бўлган Хитой дипломати Чжан Цяннинг 126 йилда император У-Дига йўллаган ҳисоботида учрайди. Чжан Цянь ва ундан кейинги элчиларнинг қолдирган хабарномалари асосидаги Сима Цяннинг «Ши Цзи» ва Бан Гунинг «Хоу Хань Шу» каби тарихий асарлари. Фарғонанинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётида Ахсикентнинг тутган ўрни ҳақидаги берилган маълумотлари билан аҳамиятлидир.
«Ши Цзи»нинг муаллифи Сима Цянь асарида Фарғонада 70 та шаҳар борлигини ёзган эди. Манбада бош пойтахти «Юань», Фарғона давлатининг ўзи эса «Дайюань» деб, тилга олинади.
Топоним «Дайюань» 2 та иероглифдан («дай» ва «юань») иборат бўлиб, «дай» – катта деган маънони билдирса, «юань» – атрофи тоғ ёки девор билан ўралган жойни англатади.
Шуни таъкидлаш жоизки, қадимда Чин тарихчилари бошқа ўлкалардаги жойлар номини хитой тилига таржима қилиб, сўнгра манбага киритганлар. Шунинг учун хитойлик тарихчи Фарғона давлати ҳақида ёзганда, уни пойтахтдан фарқлаш учун 2 та иероглиф ишлатган. Бинобарин, манбаларда «Юань» иероглифи учраса, Фарғона шаҳри, «Дай» ва «Юань» каби икки иероглиф келса, унда Фарғона давлати ҳақида сўз борган бўлади.
Маълумот: “Буюкларга бешик бЎлган” китоб асосида таёрланди.