Детройт шаҳри ёки Арвоҳлар шаҳри

Биз сиёсий маданият ва буюк тарихни ўзида жамлаган пойтахт Вашингтондан унга бутунлай тескари бўлган, таъбир жоиз бўлса, бизга АҚШнинг иккинчи юзини кўрсатиб берган — криминал ва ҳувиллаган Детройт шаҳри хақида тохталиб ўтамиз.

АҚШнинг ҳар бир штат ва шаҳри ўзига хос бой тарихга эга эканига аминман, лекин Детройт ҳикояси мени ларзага солди…

Детройт — АҚШнинг шимолидаги Мичиган штатида, Канада билан чегарадош шаҳар бўлиб, “энг хавфли шаҳар” ва “арвоҳлар шаҳри” номи билан машҳур.

Ўтган асрнинг 20-йиллари ўрталарида бу ер дунё автомобил саноатининг маркази бўлган. Шаҳарда 2,5 млн киши истиқомат қилган (бу ўша давр учун ўта катта сон ҳисобланган).

Детройт Нью-Йорк, Нью-Орлеан билан рақобатлашган, Ford, General Моtors, Chrysler компанияларининг энг йирик автомобил заводларини ўзида тўплаган. Айнан шу ерда Ҳенри Форд ўзининг автомобил империясини қурган. Айнан шу ердан Иккинчи жаҳон уруши даврида Европага зарур бўлган барча қурол-аслаҳалар жўнатилган. Айнан шу ерда Motown Records номли мусиқий компания яратилган (Майкл Жексон ва бошқа машҳур афроамерикалик ижодкорларни кашф қилган лейбл). Шунингдек, XX-асрнинг 50-йилларида Детройт дунёнинг энг бой ва муваффақиятли шаҳри эди.

Аммо, 1960-йиллардаги автосаноат инқирози ва 1978 йилдаги нефт инқирозидан сўнг шаҳар вайронага айланди, корхоналар банкрот бўлди, заводлар ёпилди ва аҳоли шаҳарни тарк эта бошлади. 1970-1980 йилларда шаҳарда рекорд даражадаги қашшоқлик, чақалоқлар ўлими ва кўча гангстерлари гиёҳванд моддаларни сотиб юриши авж олади. Одамлар шаҳарни ташлаб кетишни бошлайди.

Детройт сўнгги 50 йил ичида меҳнатга лаёқатли аҳолининг деярли учдан икки қисмини — тахминан 1,2 миллион кишини йўқотган кам сонли шаҳарлардан бири. 2013 йилда у 18,5 миллиард доллар ташқи қарз билан АҚШ тарихидаги биринчи банкрот шаҳарга айланди. Аҳолиси 60 фоизга камайган бўлишига қарамай, бир йил ўтгач, шаҳарни қайта қуриш дастури ишга тушди. Ҳозирда бу ерга кўпгина муваффақиятли тадбиркорлар келмоқда, улар катта сармоялар билан шаҳарни қайта жонланишига улкан хизмат кўрсатяпти. Бази малумотларга кўра тадбиркорлар шаҳардаги жиноятлар сонини кескин камайтириш мақсадида маҳаллий полицияни молияштиришга киришган ва айни дамда бу ўз самарасини бермоқда:

Детройт кўп йиллар давомида илк маротаба АҚШдаги “Энг криминал шаҳарлар” рейтингининг биринчи ўринидан тушиб кетишга муваффақ бўлган.

Детройт таассуротларим

Детройт саноатнинг баланд ривожланиш чўққисига чиқиб, унинг қулашини ҳам бошидан кечирган шаҳар, осмонўпар бинолари кўп бўлишига қарамай, қандайдир кучли депрессия ҳали ҳам шаҳарда кезиб юргандек. Шаҳарда қуёш камдан-кам ҳолларда чиқади, бу ердаги булутли ва совуқ ҳаво шаҳарнинг ички уқубатларини, одамларнинг тушкун кайфиятини ифодалаб туради.

Шаҳарда ташландиқ бинолар-у бўм-бўш, шундайлигича ташлаб кетилган уйлар жуда кўп, кўчаларда одамларнинг деярли кўринмаслиги эса апокалипсис ҳақидаги қўрқинчли кино манзараларини эслатади.

Айни дамда шаҳарда жами бўлиб 700 мингга яқин одам яшайди, бу рақамлар Детройтдек катта шаҳар учун жуда кам. Аммо, шунга қарамай, бино ичкарисида, турли офис ва савдо марказларида одам кўп: юқорида таъкидлаганимдек, сўнгги вақтларда шаҳарда аввалгидек ҳаёт қайнашни бошлаган. Маҳаллий ҳокимият ва ташкилотлар томонидан шаҳарни тиклаш, иқтисодиётни ривожлантириш, ишчи кучини жалб қилиш бўйича турли дастурлар амалга оширилмоқда. Ва ҳозирда, шаҳар яна одамлар билан тўлиб бормоқда.

Детройт тўғрисида турли қизиқарли китоблар, ҳужжатли фильмлар бор, у ердан кўплаб қизиқарли маълумотларни олишингиз мумкин. Масалан, Жон Кеннеди ўлим топган автомобиль ва Авраам Линкольн отиб ўлдирилган кресло ҳам айнан Детройт шаҳрида, Ҳенри Форд номидаги музейда сақланиб келинмоқда. Детройтлик машҳур архитектор Алберт Кан СССР саноатини яратганини билармидингиз? Сталин унга амалга оширган ишлари учун 200 млн доллар тўлаган. Лекин СССРда А.Каннинг номини тилга олиш “запрет”да бўлган.

Манба: Файзбогуз телеграм канали.