АБУ РАШОД АХСИКАТИЙ
Аҳмад ал-Ахсикатий (ҳижрий 466, милодий 1074 йилда туғилиб, ҳижрий 528 милодий 1134 йилда вафот этган). Тахаллус ва унвонлари: Абу Рашод, Зулфазоил.
Аҳмад ибн Муҳаммад ибн ал-Қосим ибн Аҳмад ибн Ҳузаййа ал-Ахсикатий – адиб, шоир, моҳир хаттот, муаррих, ширинсухан инсон бўлган.
Ҳижрий 466, мелодий 1074 йилда Фарғонанинг маркази бўлмиш Ахсикат шаҳрида дунёга келган. У Ахсикентда Абул Қосим Маҳмуд ибн Муҳаммад ас-Сўфийдан таълим олди.
Кейинчалик Марвга кўчиб кетади. Марвда иниси Абул Вафо билан яшаб катта шуҳрат ва обрў қозонади. Хуросондаги кўпчилик фозиллар Аҳмад ал-Ахсикатийдан таълим олганлар. У Султон саройида мунший сифатида хизмат қилган.
Олим тасниф қилган асарлардан:
«Китоб фи-т-тарих» («Тарихи аби Рашод», яъни «Абу Рашод тарихи» номи билан машҳур бўлган «Тарих ҳақидаги китоб»),
Абдулаъло ал-Маррий (979-1058) нинг китобига шарҳ тарзида ёзилган
«Шарҳу девони сақати-з-занд» (унинг «аз-Завоид» – «Қўшимчалар» деб номланган «Зиндиқлик сарқитлари девонига шарҳ»),
«Китоб фи қавлиҳим казаба алайка казо» («Уларнинг сени бундай деб алдаган сўзлари ҳақидаги китоб»),
«Дивону шеър» («Девон»).
Абу Рашод Ахсикатий ҳижрий 528 йил Жумадус соний ойининг 26 санаси пайшанба куни (милодий 1134 йил 23 апрел) тўсатдан вафот этган.
Ушбу маълумот: “Буюкларга бешик бЎлган” китоб асосида таёрланди