“Вагнер” раҳбари Пригожиннинг Россияга юриши хақида


Путиннинг мурожаатига сабаб қуйидаги ҳодиса бўлди. Гап шундаки, 23 июнь кечқурун “Вагнер” хусусий ҳарбий гуруҳи асосчиси Евгений Пригожин ва Россия Мудофаа вазирлиги ўртасидаги узоқ йиллик можаро қайноқ нуқтага етди.

Пригожиннинг айтишича, Россия армияси шахсан Сергей Шойгунинг рухсати билан “Вагнер” лагерларига ракета ҳужуми уюштирган (Мудофаа вазирлиги буни рад этмоқда). Шундан сўнг Пригожин “адолат маршини” бошлашга ваъда берди, кўпчилик бу таҳдидни ҳарбий тўнтариш уюштиришга уриниш сифатида қабул қилди.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати Пригожинга қарши қуролли тўнтаришга уриниш бўйича иш очди.

Евгений Пригожиннинг видеомурожаатида Россия Мудофаа вазирлиги Украина урушининг бориши ҳақидаги ёлғон баёнотлар билан президент Владимир Путин ва бутун жамоатчиликни алдаётгани айтилади. Унинг сўзларига кўра, урушнинг биринчи кунида Шойгунинг хатоси сабаб Россия армиясининг минглаб энг яхши тайёрланган ҳарбийлари ҳалок бўлган.

24 июнга ўтар кечаси Ростов-Дон шаҳри “Вагнер” жангчилари томонидан босиб олинди. Шаҳар марказини Евгений Пригожинга бўйсунувчи қуролли шахслар эгаллади.

Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, улар Жанубий ҳарбий округ штаб-квартираси, шаҳар маъмурияти, ФХХ ва Ички ишлар вазирлиги бошқармаларини ўраб олган. “Вагнер” асосчисининг ўзи унинг одамлари шаҳардаги барча ҳарбий объектларни, шу жумладан “аэродромни” ҳам назоратга олганини эълон қилди. Кўчаларда танклар бор. Ростов вилояти губернатори Василий Голубев Ростов-Дон аҳолисидан “шаҳар марказига бормасликни ва иложи бўлса, уйларини тарк этмасликни” сўради.

24 июнь куни эрталаб Пригожин Россия Мудофаа вазирлиги ва Бош штаб раҳбарларининг ўринбосарлари билан учрашди. У Сергей Шойгу ва Валерий Герасимов “Вагнер”га топширилмагунча, ёлланма аскарлар “Ростовни тўсиб, Москвагача боришини” айтди.
Пригожин унинг жангчилари ўтган кечада Россия Мудофаа вазирлигининг иккита вертолётини уриб туширганини ҳам даъво қилди.

Путин Александр Лукашенко, Қосим-Жомарт Тоқаев ва Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбатда у мамлакатдаги вазият ҳақида маълумот берган. Тоқаев давом этаётган воқеалар Россиянинг ички иши эканини таъкидлаб ўтган.

Александр Лукашенко Пригожин билан музокаралар ўтказди.

Беларусь президенти Александр Лукашенко Россия президенти билан келишилган ҳолда Пригожин билан музокаралар ўтказди.

Пригожин Лукашенконинг Россия ҳудудида Вагнер ҳаракатини тўхтатиш ва кескинликни пасайтириш бўйича кейинги қадамлар ҳақидаги таклифини қабул қилди, деб хабар беради Беларусь президенти матбуот хизмати.

Америка разведкаси Пригожин исёнини олдиндан билган, аммо сукут сақлаган…

21 июндаёқ Америка разведкаси Оқ уйнинг юқори мартабали вакилларига «Вагнер» асосчиси Евгений Пригожин мамлакат ҳарбий раҳбариятига қарши исён уюштиришга тайёрланаётгани ҳақида хабар берган. Бу ҳақда Америка расмийларига таяниб, The New York Times ёзмоқда.

The Washington Post нашрининг қайд этишича, АҚШ разведкаси Пригожиннинг режалари ҳақида маълумотни июн ойи ўрталарида олган. Аммо Қўшма Штатларда «Вагнер» раҳбари нима қилмоқчилиги ва бу режаларни амалга ошириш муддатлари ҳақида аниқ маълумотлар бўлмаган. «Раҳбариятга нимадир содир бўлаётганини айтиш учун етарли сигналлар бор эди», деди расмийлардан бири.

The New York Times суҳбатдошларидан бирига таяниб, сўнгги икки ҳафта ичида Россияда нимадир бўлиши мумкинлиги – Владимир Путиннинг ҳокимиятда қолиши-қолмаслиги ва ҳар қандай беқарорлик Россия ядровий назоратига қандай таъсир қилиши ҳақида «юқори ташвиш» пайдо бўлганини таъкидлайди.

Нашрнинг қайд этишича, 2021 йил охиридаги воқеалардан фарқли ўлароқ, Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб киришга тайёргарлик кўраётганини маълум қилган АҚШ разведкаси бу сафар сукут сақлашга қарор қилган. Америка расмийлари бундай маълумотлар Владимир Путинни Ғарбни давлат тўнтаришини уюштирганликда айблаш учун асос бериши мумкин, деб тахмин қилишган. Бундан ташқари, Америка расмийлари Россия президентининг «жиддий» зарбадан қочишига ёрдам беришдан манфаатдор бўлишмаган.

Владимир Путиннинг баёнотларидан асосий тезислар:

◾️ Владимир Путин россияликларга сўнгги кунларда кўрсатган чидамлилик, бирдамлик ва ватанпарварлик учун миннатдорчилик билдириб, тартибсизликлар келтириб чиқаришга қаратилган ҳар қандай уринишлар муваффақиятсизликка учрашини таъкидлади;

◾️ Дам олиш кунларида уюштирилган қуролли қўзғолон барибир тўхтатилган бўларди;

◾️ Қўзғолон ташкилотчилари халққа хиёнат қилди;

◾️ Россиянинг душманлари мамлакатни қонли фуқаролар низосига ботишини хоҳлашди, улар нотўғри ҳисобладилар;

◾️ Владимир Путин ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот ва махсус хизматларга, шунингдек, исёнчилар йўлида турган қаҳрамон учувчиларга миннатдорчилик билдирди;

◾️ Ҳалок бўлган учувчи-қаҳрамонларнинг жасорати ва фидойилигини алоҳида эътирофга лойиқ;

◾️ 24 июнь куни содир бўлган воқеалар бошиданоқ президентнинг бевосита буйруғи билан қон тўкилмаслиги учун қадамлар ташланди;

◾️”Вагнер” жангчиларига берилган ваъда амалга ошади: улар Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаш, Беларусга кетиш ёки уйига қайтиш вариантларидан бирини танлаши лозим;

◾️ Владимир Путин Лукашенкога исённи тартибга солишга қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирди;

◾️ Қўзғолонни тўхтатишда русларнинг ватанпарварлик кайфияти, Россия Федерациясининг бутун жамиятини бирлаштириш ҳал қилувчи рол ўйнаган.

Пригожинга қарши очилган жиноий иш ёпилган

Пригожинга қарши қўзғатилган жиноий иш ёпилди, унинг ўзи эса Беларусда

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) хабар беришича, Пригожинга қарши очилган жиноий иш бу ҳаракат тўхтатилгани сабабли ёпилган. 2023-йил 23 июнь куни Пригожин Вагнер аскарлари билан Москвагача келганда жиноий иш очилиб, музокаралардан кейин ёпилган эди. Кейинчалик эса КоммерсантЪ иш ёпилмагани ҳақида ёзди.

барча жиддий кутган, ҳатто Россия тақдирини ҳал қилиши мумкин деб қаралган Путиннинг мурожаатида Пригожин хоин деб аталди, Вагнер аскарлари эса қилган хизматлари учун эътироф этилди. Уларга Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаш, Беларусга кетиш ёки уйига қайтиш вариантлари тақдим этилди.

Маълумотларга кўра, Вагнер жангчилари энди Беларусга кўчади. Пригожин ҳам у ерга етиб борганини Лукашенко тасдиқлади. Путин ва Пригожин ўртасида воситачилик қилган “уч фоизлик”нинг айтишича, Вагнер учун ҳеч қандай лагер қурилмайди, унинг жангчилари эса Беларус ҳарбийларига қўшилмайди.

Лукашенко, шунингдек, Россия ядро қуролларининг асосий қисми мамлакатига ўтказилганини, бироқ уни “Вагнер” эмас, Россия ва Беларус армияси қўриқлашини маълум қилди.

161.ru нашрининг ёзишича, Пригожиннинг ҳарбий тўнтариши пайтида рус мудофаа аскарларига ҳаракат қилмаслик ҳақида тепадан буйруқ келган. Пригожиннинг ўзи ҳам “рус қони тўкилишини истамаслиги” туфайли Москва томон юришни тўхтатганини маълум қилган эди.

(Visited 39 times, 1 visits today)