Хоразмшоҳлар давлатида элчилик алоқалари. Муҳаммад Хоразмшоҳ ва Чингизхон ўртасидаги алоқаларда элчилар роли
Мавзуга оид манба ва адабиётлар
Аллома Иззуддин Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад Жазарий Ибнул Асир (630/1232) қаламига мансуб, тарих шодасида маржон бўлган «алКамил фит-тарих» асари. Бу китоб Ироқнинг Мосул шаҳрида ёзилган бўлиб, умумий тарих китобидир. Ибнул Асир, Чингизхон даврида яшагани учун ўша давр мўғул истилоси ҳақида эшитган ривоятлари ва кўзлари билан кўрганлари асосида воқеаларни ғоят гўзал ва жонли суратда қаламга олган. У 12 томли «ал-Камил фит-тарих» китобининг охирги томини, янада аниқроқ айтганда 12-томининг иккинчи яримини тўлиқ мўғуллар тарихига бағишлаган десак янглиш бўлмайди. Ибнул Асир 628/1230 сана воқеалари билан ушбу асарига якун ясаган, шунинг учун унинг бу асаридан ўша давргача бўлган тарихни, яъни Чингизхон даври мўғул истилоси ҳодисаларини баён қилишда фойдаландик.
Шиҳобуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Насавийнинг (1193–1249) «Сийратус-султон Жалолиддин Мангуберди» номли асари. Насавий 1233 йилдан эътиборан Хоразмшоҳ Жалолиддиннинг хизматига киради. Ҳар доим Жалолиддиннинг ёнида бўлгани ва Хоразм давлатининг мансабдор шахслари орасида юргани учун мамлакатнинг ички ва ташқи ишларини, ўша даврдаги ҳодисаларни кенг ёритган. 1193 йилда таваллуд топган тарихчимиз ушбу китобини 1241 йилда тамомланган, лекин китоб султон Жалолиддиннинг фожиали ўлимини баён қилиш билан якунланган. Бу китобнинг Ҳофиз Аҳмад Ҳамдий таҳқиқи бўлган арабча нусхаси ҳам мавжуд. Бу икки китобдан ташқари мўғуллар замонида улар ҳақида битилган бошқа манбалар ҳам бор. Бу манбалар жумласига муаллифи номаълум бўлган, мўғул тилида ёзилиб, бир қанча тилларга таржима қилинган «Мўғулларнинг сирли тарихи» номли 12 бўлимдан иборат тарихий асар, Жузжонийнинг (1261) «Табақоти Носирий»си, Жувайнийнинг (1283) «Тарихи Жаҳонгўша»сини ўрнак қилиб келтиришимиз мумкин.
Имодуддин Абул Фадо Исмоил ибн Умар Қураший Дамашқий Ҳофиз Ибн Касир (774/1373) қаламига мансуб, тарих китоблари ичида етакчи ўринни тутган ва асосий манбалар жумласидан саналган машҳур «алБидаяту ван-ниҳоя» асари. Бу китобнинг 20 томли Абдуллоҳ Абдулмуҳсин ат-Туркий таҳқиқи ҳам мавжуд. Ибн Касир ушбу китобида арш, курси, осмонлар-у ернинг яратилишини, пайғамбарлар қиссасини охирги пайғамбар саййидимиз Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом қиссаларигача, сўнгра ундан кейин ўзи яшаган давр, яъни VIII асрнинг иккинчи ярмигача бўлган ҳодисаларни зикр қилган.
Муаррих Абул Хайр Рашидуддин Фазлуллоҳ ибн Имодуд-давла Ҳамадоний (717/1318) қаламига мансуб, мўғуллар тарихига оид китоблар орасида муҳим манбалардан саналган, форс тилида ёзилган китоблар орасида тенгсиз «Жомеъут-таворих» асари. Олим, табиб, вазир, тарихчи Рашидуддин «Жомеъут-таворих» китобини Илҳонлилар давлати ҳукмдори Ғазанхоннинг истаги билан ёзишни бошлаган. Китоб бир неча тилларга, жумладан, араб ва рус тилларига ҳам таржима қилинган. Бу китобнинг «Сборник летописей» деб номланган форсчадан рус тилига Л. А. Хетагурова томонидан таржима қилиниб, 1955 йил Ленинградда чоп этилган нусхаси мавжуд.
Муаррих Тақиюддин Абул Аббос Аҳмад ибн Али ал-Мақризий (1442) қаламига мансуб, Мисрда салтанат сурган Айюбийлар ва Мамлуклар тарихи ҳақидаги маълумотлар девони бўлган «ас-Сулук лимаърифати дувал алмулук» асари. Бу китоб ҳижрий 568 йилдан 844 санагача тарихий ҳодисаларни баён қилади. Бу асар тўрт томдан иборат.
Ҳижрий VII аср, милодий сана ҳисобида XII асрда нафақат мусулмонлар тарихида, балки Ер курраси тарихида ўта муҳим ҳодисалар рўй берди. Яъни, Ер юзида янги, даҳшатли ва мудҳиш бир куч юзага келди ва бу куч таъсирида умумий тарзда дунёда ва алалхусус Ислом минтақаларида катта ўзгаришлар содир бўлди, бу куч — «Мўғул давлати»нинг кучи эди.
Мўғуллар қиссаси барча ўлчовларда ҳайратомуздир. Қиссада оз сонли мўғул халқининг заиф ҳолатдан кучли ва кучлидан заиф ҳолатга ўтишига қисқа вақт кетгани, бунинг барчаси хаёл, бўлиши мумкин эмас, дейишингизга сабаб бўлиши мумкин. Мўғуллар ҳижрий VII асрнинг бошларида кучайиб, оёққа тура бошлади. Буни фаҳмлаш учун ўша замонда Ер юзида ўз таъсирини ўтказа оладиган қандай кучлар борлигига назар солишимиз керак бўлади. Ўша замонда Ер куррасида иккита асосий ва ҳукмрон кучлар бор эди. Уларнинг биринчиси Ислом уммати бўлса, иккинчиси салибчилар эди. Мўғуллар дунё саҳнасига чиққанда Ислом умматининг ҳудуди тақрибан дунёнинг ярмига тенг келар эди. Ислом мамлакатларининг чегараси шарқдан Хитойдан бошланиб, Осиёни ўз ичига олган, Африканинг бир қанча ўлкаларигача, ғарбдан Андалус ва Овропагача етган эди. Ҳудуд ниҳоят катта, лекин афсуслар бўлсинки, ўша даврда Ислом оламининг аҳволи майдонининг кенглиги, аҳолисининг кўплиги, молиявий, қурол-аслаҳа, илм-маърифат жиҳатдан бўлган имкониятлари кенг бўлишига қарамай ўта аянчли бир ҳолатда эди. Чунки Ислом уммати ичида авжига чиққан фитналар, бўлинишлар юзага келган, катта Ислом шаҳарларининг сиёсий аҳволи кескин ёмонлашган эди. Ажабланарлиси, ҳижрий VI асрнинг охирларида қувватли, ғолиб, бир бутун ва бош бўлган Ислом уммати арзимаган 20–30 йил ичида мана шундай ачинарли ҳолатга тушди.
Ўша пайтда Ислом олами бир неча бўлакларга бўлиниб кетган бўлиб, улар орасида биринчиси ва энг каттаси Аббосийлар хилофати эди, лекин минг афсуслар бўлсинки, ҳижрий VII асрнинг бошларига келиб, жуда заиф ҳолатга тушди.
Аббосийлар хилофати
Аббосийлар хилофати анчагина қадимги халифалик бўлиб, 750 йилда Умавийлар давлати ағдарилгандан кейин хилофатни қўлга олган, милодий XIII аср бошларида тақрибан 500 йиллик умри бўлган ва Бағдодни ўзига пойтахт қилиб олган халифалик эди. Сўнгра ҳижрий VII аср бошларида Аббосийлар хилофати анча заифлашди, ҳатто ҳақиқий суратда ҳукмронлик қила олмай қолди, фақатгина Ироқнинг маркази ва атрофигагина ҳукми ўтарди. Ироқнинг атрофида мустақиллигини эълон қилмаса-да, воқеликда халифаликдан мустақил бўлиб олган ўнлаб амирликлар бор эди. Ўша замонда Аббосийлар хилофатининг фақат номи қолган бўлиб, ҳозирги кундаги Британия қироллиги каби Аббосийлар хилофатининг ҳам фақат тарихий рамзигина қолган эди. Ироқда Аббосийлар хилофатида Бани Аббосдан бўлган халифалар бирин-кетин алмашиб, халифа деган маҳобатли исмга эга бўлиб келар, лекин ўша пайтлар, хоҳласалар ҳам, бу буюк исмга ҳечам лойиқ эмасдилар. Чунки уларнинг бутун дарди хаёллари дунё тўплаш, ўзларининг чегараланган ҳудудларида султонликларини мустаҳкамлашдан иборат эди. Улар ўзларининг вазифаларига ҳоким сифатида соғлом назар билан қарамадилар. Ҳокимнинг масъулиятларидан бўлган давлатнинг тинчлик ва омонлигини сақлаш, аскарларини қувватлантириш, халқнинг маиший ҳаётини яхшилаш, мазлумларга ҳақларини бериб, золимлардан ўч олиш, Оллоҳнинг бандалари зиммасидаги ҳукмини қоим қилиш, маъруфга буюриб, мункардан қайтариш, Исломга тааллуқли бўлган барча қадриятларни ҳимоя қилиш, қалблар ва сафларни бирлаштиришни хаёлларига ҳам келтирмадилар. Бутун хоҳишлари мумкин қадар узоқроқ вақт халифа бўлиб турса, бас, ундан сўнг тахтни фарзандларига мерос қилиб қолдирса… Шунингдек, улар мол-дунё жамғаришга, тонггача чўзиладиган базму жамшид, тантаналар қилишга, куй, мусиқа, чолғу асбобларини тинглашга ҳирс қўйган эдилар. Ўша кундаги ҳокимларнинг аҳволи, Ислом умматининг ҳокимига ярашадиган ҳаёт у ёқда турсин, авомдан бўлган оддий мусулмонларнинг соғлом ҳаёт тарзига ҳам тўғри келмасди. Халифанинг на ҳайбати ва на иззати қолганди… Бу ҳижрий VII аср, яъни милодий XIII аср бошларидаги Аббосийлар хилофатининг аҳволи эди.
Ислом оламидаги иккинчи бўлакни
Миср, Шом, Ҳижоз ва Яман
деб тасаввур қилиш мумкин. Бу иқлимлар ҳижрий VII аср бошларида Салоҳиддин Айюбийнинг неваралари бўлмиш Айюбийлар қўл остида эди. Бу давлатлар «Ҳиттийн» ва «Ал-арок» жангларида салибчилар устидан ғалаба қозонганда янада қуввати ва ҳайбати ортган эди. Лекин минг афсус, бу минтақадаги ҳокимлар бу буюк инсон каби бўлолмадилар, тахт талашишди ва бир бутун Айюбийлар давлатини кичик амирликларга бўлиб олишди. Шом Мисрдан, Ҳижоз Ямандан ажралди, мустақил бўлди. Ҳатто Шомнинг ўзи бир неча амирликларга бўлиниб кетди. Ҳимс Ҳалаб ва Дамашқдан, Фаластин Урдун (Иордания) дан ажралиб чиқди. Салоҳиддин Айюбий раҳимаҳуллоҳ салибчилар қўлидан оғир машаққат, қаттиқ жангжадаллар ва кўп қурбонлар бериши эвазига озод қилган бу ерлар, мусулмонлар ўртасидаги бундай хунук тафриқаланишдан кейин яна янгидан салибчилар қўлига ўтди.
Ислом оламидаги учинчи бўлак
Мағриб ва Андалус (Ҳозирги кунда Испания ва Португалия
давлатларини ўз ичига олган яриморол) ўлкаларидир. Бу ўлкалар ўша вақтларда Муваҳҳидлар давлати қўл остида бўлиб, жуда кучли ва қудратли давлат эди. Шарқдан Ливиядан бошланиб, ғарбдан Мағрибгача, шимолдан Андалусдан бошланиб, жанубдан Африканинг ўртасигача ҳукм юргизар эди. Бироқ XIII аср бошларига келиб, секин-аста кучсизланиб, сўна бошлади. 1212 йилда бўлиб ўтган «ал-Иқоб» жанги муваҳҳидлар давлатига ҳал қилувчи зарбани берди, натижада бу улкан давлат қулади ва Андалус, Африка ва Мағрибга бўлиниб кетди.
Ислом оламидаги тўртинчи бўлак, бошқа давлатларга нисбатан жуда катта бўлиб, тақрибан Ислом оламининг бутун шарқий қисмига ҳукмронлик қилган Хоразм давлати эди. Хоразм давлатининг майдони бепоён бўлиб, Ўрта Осиёнинг катта ўлкаларини ўз ичига олган эди. Унинг ҳудуди шарқдан Хитойнинг ғарбидан бошланиб, ғарбдан Эроннинг катта қисмларигача давом этган эди. Хоразм давлати Аббосийлар хилофати билан узоқ ва чуқур келишмовчиликларга борган, улар ўртасида беҳисоб фитна ва иғволар юзага келган эди. Бундан ташқари, улар Аббосийлар хилофати, Салжуқийлар, Ғурийлар, Турклар ва бошқа мусулмонлар билан мунтазам жанглар олиб борар эдилар. Хоразм давлатининг нафақат атрофидагилар билан, ҳатто ўзининг ичидагилар билан ҳам муаммоси етарли эди.
Ислом оламидаги бешинчи бўлак Ҳиндистон давлати эди. Ҳиндистон ҳозирда ҳиндлар ҳукмида бўлса-да, қадимда мусулмонлар ҳукмида эди. У ерда узун асрлар давомида Ислом ҳукм сурди, ўша пайтда мусулмон Ғурийлар давлати қўл остида эди. Улар Хоразм давлати билан мунтазам жанг қилиб турарди.
Ислом оламидаги олтинчи бўлак, Форс минтақасининг ғарбий қисми, Осиёнинг ўртасида жойлашган кенг минтақа, ҳозирги кундаги Эрон бўлиб, Аббосийлар хилофатига ёнма-ён жойлашган эди. У шиа тоифасининг энг хабисларидан бўлган Исмоилийя тоифасининг қўл остида эди. Улар салтанат ва мулк ортидан қувганлари сабаб, асосий эътиборларини қуроласлаҳа, қалъа ва қўрғонлар бино қилишга ҳамда ҳарбий ишларига қаратган эдилар. Улар энг хатарли ботиний тоифалар жумласидан ҳисобланади. Улар исломий шахсиятлар бўлмиш халифалар, амирлар ва уламоларга жиноят ва тажовузлар содир этишар эди. Бу тоифа Ироқнинг шарқий қисми ва Хоразм давлатининг ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, бу икки давлатдан батамом мустақил эди.
Ислом оламидаги еттинчи бўлак Анадолу минтақаси бўлиб, ҳозирги Туркиядир. Бу минтақада Салжуқийлар ҳукмрон эди. Уларнинг асли турклар бўлиб, мозийда буюк тарих ва катта жанглар соҳибларидир. Алп Арслон қўмондон бўлган даврларда анча қувватли бўлган. Бу минтақа Византия императорлиги билан ёнма-ён жойлашгани сабаб жуда хатарли ва жуда таъсирчан бўлиб, Алп Арслоннинг неваралари ҳукм юргизган даврга келиб ўта заиф ва хор ҳолатга тушганди.
Юқорида санаб ўтилган давлатларнинг ўша вақтда мавжудлиги Ислом олами Аббосийлар хилофати ҳукмига исмдагина кирганини англатади. Мулоҳаза қилсак, ўша замонда мусулмонлар ўртасида фитна-фасод жуда кенг тарқалган, жангу жадал авжига чиққан, гуноҳ ва маъсиятлар кўпайган ва мусулмонлар дунёга шўнғиган эдилар.
Ўша вақтда Ер юзидаги иккинчи куч соҳиби салибчилар эди. Шу пайтлар уларнинг маркази ғарбий Овропа бўлиб, у ерларда уларнинг кўплаб қалъа ва қўрғонлари бор эди. Ўша даврда ғарблик салибчилар мусулмонлар билан тинимсиз жанглар олиб боришарди. Англия, Франция, Олмония ва Италия насронийлари Миср ва Шомга қарши машҳур салиб юришини қилар, Испания, Португалия ва Франция насронийлари Андалусдаги мусулмонларга қарши кўплаб жанглар уюштиришар эди. Булардан ташқари шарқда илдиз отган салибчи гуруҳлар мавжуд эди. Уларнинг Ислом умматига нисбатан чексиз адоватлари бор эди. Улар билан мусулмонлар орасида жанглар ҳеч тўхтамасди. Шарқий Рум давлати, бошқача қилиб айтганда, Византия (ҳозирги Истанбул) давлати бу салибчи гуруҳларининг машҳурларидан бўлиб, шарқий Овропага ҳукмрон эди. Бу давлат мусулмон Анадолунинг ғарб томонида жойлашган эди. Византия давлати Ислом давлати билан тарихлар оша аччиқ урушлар қилиб келган, лекин айни вақтда заиф ҳолатга тушгани сабаб Ислом уммати ерларига киришга тоқати йўқ эди.
Салиб гуруҳларидан яна бири Арманистон давлати бўлиб, Форснинг шимолида ва Анадолунинг шарқида жойлашган эди. Анадолу минтақасидаги Салжуқийлар билан мунтазам жанглар олиб боришарди.
Салиб гуруҳларидан яна бири Гурж мамлакати, ҳозирги Грузия давлати бўлиб, у ерда маҳаллий васанийлар, яъни бутпарастлар бўлса ҳам ҳукумат насронийлар қўлида эди. Улар Ислом уммати ва Хоразм давлатига қарши мунтазам уруш олиб борардилар.
Салибчилар ичида ўзлари оз бўлишига қарамасдан жуда хатарли саналган гуруҳлари ҳам бор эди. Сабаби улар Ислом оламининг Туркия, Фаластин ва Шом давлатларининг ичида жойлашгани эди. 1098 йилдан бери Ислом олами ичида бош кўтариб келаётган бу салиб амирликларининг машҳурлари Антокия, Акко, Тарабулус, Байрут, Сайда ва бошқа амирликлар эди. XII асрнинг охирлари Ислом олами учун анча муваффақиятли, салибчилар учун эса, анчагина ҳалокатли ва муваффақиятсиз келди. 1187 йилда Шомдаги «Ҳиттийн» жангида Салоҳиддин Айюбий салибчилар устидан ғалаба қозонди, ундан 8 йилдан кейин 1195 йилда «ал-Арок» жангида Муваҳҳидлар давлати бошлиғи алМансур ал-Муваҳҳидий Андалус насоролари устидан ғалабага эришди. Бу икки буюк ғалабадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан ХII аср бошларига келиб, мусулмонлар қаттиқ заифлашди. Қувватли даври билан заифлик даври орасида атиги 20 йил фарқ бор эди, холос.
XIII аср бошларида Хоразм Марказий Осиё минтақасида йирик империя даражасига кўтарила олган давлат ҳисобланади. Шу жиҳатдан, Хоразмшоҳлар давлатининг ташқи алоқалари, айниқса унинг Мўғуллар давлати билан олиб борган ўзаро муносабатларини тадқиқ этиш нафақат Ўзбекистон, балки, Марказий Осиё давлатчилиги тарихининг муҳим жиҳатларини ўрганишга ёрдам беради. 1200 йилда Муҳаммад Хоразмшоҳ (1200 – 1220) тахтга ўтиргач, дастлаб ўз эътиборини Хоразм давлати чегараларини мустаҳкамлашга ва кенгайтиришга қаратди. Бунинг учун у бир қатор ҳарбий юришларни амалга оширишига тўғри келди. Муҳаммад Хоразмшоҳ Шарқда Қорахитойлар (1125–1210) давлатини бўйсундиргандан сўнг, ўша даврда улкан мамлакат ҳисобланган Хитой давлатини ҳам ўз мамлакати тассаруфига киритишни мақсад қилиб, қўйганди. Бироқ, бу вақтда Шарқда Чингизхон (1206 – 1227) бошчилигида Муғуллар давлати ташкил топган бўлиб, Мўғулистон атрофидаги ҳудудларни бирин-кетин забт этаётган эди. 1215 йилда Чингизхон Хитойнинг шимолий қисмини ўз давлати тассаруфига киритади.
Бу йилларда Муҳаммад Хоразмшоҳ Бағдод халифалигига (750 – 1258) юриш билан банд эди. Биринчи ўн йил халифа ва хоразмшоҳ ўртасидаги муносабатлар жиддий зиддиятларсиз ўтди, чунки бу даврда Алоиддин Муҳаммад давлат ичидаги қийинчиликларни ҳал қилиш ва чегараларини кенгайтириш ишлари билан машғул бўлди. Икковлари ҳам ҳукумат ва “Девон” ўртасида бўладиган алоқалар билан чекландилар. (Котиб ал-иншо мансаби халифаликдаги сарой лавозимлари ичида энг қадимгиларидан бири ҳисобланади. Халифаликдаги ҳукмдорлар ўртасида ёзишмалар Муҳаммад с.а.в.давридан бошланган. Ўша пайтда бўлғуси халифалар Абу Бакр ва Али ибн Абу Толиб ул зотнинг котиблари бўлишган. Аббосийлар даврида Девон ал-Иншо ташкил этилган. Бу девоннинг энг машҳур котиблари Яҳё ибн Холид ал Бармоқий ва Ибн ал-Муқаффа бўлишган. Салжуқийлар ва Хоразмшоҳлар ҳукмронлиги даврида мамлакат ичкарисидаги ҳамда бошқа давлатлар вакиллари билан ёзишмалар, ҳужжатлар Девон ал-иншо ёки Девон ал-туғрада тайёрланган. Девон бошлиғи қасидагўйлик усулини мукаммал билган одам бўлган. Ҳужжатлар тайёрланганда унинг мазмуни билан бирга шаклига ҳам алоҳида аҳамият берилган). Хоразмшоҳнинг элчиларидан бири билимдонлиги ва адабий фаолияти билан машҳур, халиқалик пойтахтида бир неча бор бўлган вазир ва мунший Ибн ас-Сибоий эди (1204 йилда вафот этган). “Уни Бағдодда иззат-икром билан қабул қилар эдилар ва у халифанинг мукофотларига сазовор бўлган”. Ўз навбатида халифа ан-Носир 1204 йил сентябрда Бағдоддан Низомия мадрасасининг мударриси Фахриддин ибн аш-шайх Мажиддин Яҳё ибн ар-Робиани элчи қилиб, Гурганжга юборди. 1206 йилда халифа Хоразмга иккинчи элчиси Наср идн Асад ал-Хайрафийни юборди, у киши Ибн ал-Асл номи билан машҳур бўлиб, халифалик қўшинлари девони бошлиғи эди.
1206 йил апрел ойида Хоразмшоҳнинг элчиси Низомиддин Муҳаммад ибн Абдулкарим ас-Самъоний Бағдодга келди. Уни ҳурмат ва иззат билан қарши олдилар. Элчи халифа саройига кирганда улуғ остонани ўпиши керак эди. Лекин ас-Самъоний “султоннинг юқори мартабали амалдори” ва Хоразмшоҳнинг энг яқин маслаҳатчиси бўлганлиги боис, ҳамма мусулмонларга шаръий бўлган бу расмиятни такаббурлик қилиб бажармади. Лекин уни барибир бу расмиятни бажаришга мажбур қилдилар, шундан кейингина халифага атаб дуои фотиҳа қилишга ижозат бердилар.
1208 йилда халифа ан-Носир Хоразмга элчи қилиб шоир Имомиддин
Жаброил ибн Сарм ибн Аҳмад ас-Саъдий ал-Мисрийни юборди. Ал-Мисрий Хоразмга қандай топшириқ билан борганлиги номаълум. У 1208 йил 1 октябрда Бағдодга қайтиб келади.
Шу йили Бағдодга хоразмшоҳнинг навбатдаги элчиси келди ва у халифа соқчилари билан кутиб олинди. 1208 йил 12 октябр куни элчини халифанинг вазири Фахриддин Муҳаммад қабул қилди ва 22 октябр куни халифа элчига тўн кийгизди ва Хоразмга қайтиб кетишига ижозат берди.
Алоиддин Муҳаммаднинг элчилари Бағдодга қандай хизмат билан борганлиги ҳақида ҳеч бир манбада маълум қилинган эмас, фақат Нисовий бу элчиликларнинг замирида нима ётганини қуйидагича изоҳлаб ёзади: “Султоннинг обрў-эътибори, нуфузи юксалиб, улуғвор ишларга қўл ура бошлади. Унинг қўшини девонида рўйхатга олинган отлиқ лашкарларнинг ўзи тўрт юз мингга етай деб қолди. Шундан сўнг Султон ўзига бир пайтлар Салжуқийлар салтанати эгаларига берилган сингари Бағдодга ҳукмдорлик қилиш ҳуқуқини талаб қила бошлади. Шу муносабат билан у Бағдодга бир неча маротаба элчилар жўнатди, лекин сўраган нарсасига розилик ололмади. Аммо, султон ниятидан воз кечмади”.
Хоразмшоҳ Алоиддин Муҳаммад отаси Такиш эриша олмаган мақсадга етишиш учун, ўзини барча мусулмонларнинг султони эканлигини халифага тан олдиришни аҳд қилган эди. Хоразмшоҳ ўз талабларини қонуний, уларга эътироз билдиришга асос йўқ, деб ҳисобларди. Шунинг учун ҳам хоразмшоҳ қорахитойларни тор-мор этгач халифа Носирга элчи юбориб, бундай деган: “Сендан аввалги халифалар Алп Арслон, Маликшоҳ ва яқиндагина ўтган Султон Санжар каби салжуқ султонлари билан қандай муносабатда бўлсанг, мен билан ҳам шундай муносабатда бўлғил. Бағдод ва Ироқда бўладиган ишлар менинг измимда бўлиши лозим, менинг номим билан хутба ўқишдан бошқа сенинг чоранг йўқ”.
Халифа ан-Носир хоразмшоҳнинг бу талабини ғазаб билан рад этди. Шунинг учун султон халифани четлатиш ёки унинг ҳокимиятини йўқотиш йўлларини қидира бошлади.
1204 йилда халифа Носир ўз вориси Абу Наср Муҳаммадни давлат ишларини эплай олмаганлиги учун номини хутбадан чиқариб ташлашга буйруқ берди. Ана шунда Алоиддин Муҳаммад биринчи марта очиқданочиқ халифага қарши чиқди. Тахт ворисининг исми барча мусулмон дунёсида хутбадан чиқариб ташланди, фақат хоразмшоҳгина бу фармонни бажаришдан бош тортди ва ҳатто Форс Ироқига қўшин юбориб, у ердаги ҳукмдорларни ворис номи билан хутба ўқишга мажбур қилди.
Шундан кейин халифа билан хоразмшоҳ муносабатини кескинлаштирадиган яна бир баҳона топилди. Али ибн Абу Толибнинг авлодларидан бўлган Макка шаҳри ҳокимининг ўзбошимчалигига жаҳли чиққан халифа уни ўлдириб юбориш учун хуфёна одамларини (исмоилийлардан) юборди. Аммо улар адашиб ҳокимнинг акасини ўлдириб қўйишди. Бу эса хоразмшоҳнинг имомларга мурожаат қилишига сабаб бўлди. Султон, “Халифанинг бу иши уни тахтдан тушириш учун асос бўлади, ундан ташқари аббосийлар Али бин Абу Толиб авлодининг халифаликка бўлган ҳуқуқларини тортиб олди”, деди. Хоразмшоҳ адолат ўрнатиш учун халифа Носир, ва умуман, аббосийларга қарши муқаддас уруш (жиҳод) эълон қилишни имомлардан талаб қилди.
Хоразмшоҳнинг Бағдоддаги сўнгги элчиси қози Мужириддин Умар ибн Саъд ал-Хоразмий халифалик пойтахтига хораўмшоҳ вазифаси билан бир неча бор қатнади. У охирги марта Бағдодга борганида олий девондан “Султон ҳокимиятини Бағдодда тан олиниши”ни талаба қилди. Халифа вазирлари элчига хоразмшоҳнинг номи билан ҳеч қачон хутба ўқишга рози бўлмаслигини, хоразмшоҳга ўзининг ерлари етарли эканлигини ва Бағдодда шоҳга қиладиган иш йўқлигини айтдилар.
Мужириддин Хоразмга қайтаётганда унинг Бағдод сафарига жавоб тариқасида халифалик унга Бағдод сўфийларининг бошлиғи, шайхлар шайхи Шиҳобиддин Абу Хафс ас-Суҳравардий (1145-1234) ни элчи қилиб қўшиб жўнатди. У ўз насиҳатлари билан хоразмшоҳни ножўя талабларидан қайтариши керак эди. Хоразмшоҳ Шаҳобиддин ас-Суҳравардийни ҳурмат билан кутиб олди. Шайхлар шайхи суҳбатдан олдин ҳадис айтиб, аббосийларни хафа қилишдан огоҳлантирганда, хоразмшоҳ: “Ваҳоланки, араб тилидан маълумотим кам бўлса ҳам, айтилган ҳадиснинг маъносини тушундим. Мен Аббос авлодининг бирортасига ҳам ёмонлик қилмадим ва ёмонлик қилишни ўйламаганман ҳам. Аммо эшитишимга қараганда, мўминлар амирининг қамоқхоналарида пайғамбат авлодларидан баъзилари узоқ йиллар азобланадилар, улар қамоқхоналарда топишиб, бола-чақа қилиб, кўпаядилар. Агар шайх шу ҳадисни мўминлар амири ҳузурида айтсалар тўғри ва фойдалироқ бўлур эди”, дейди.
Шиҳобиддин Суҳравардий Бағдодга қайтиб борди, “хусумат аввалгидай давом этаверди” (Нисовий). Аммо хоразмшоҳлар давлатига қарашли мамлакатлардан Маккаи мукаррамага ҳажга бораётган зиёратчиларга исмоилийларга нисбатан ҳам тёмонроқ муомала қилинаётганини эшитгандан сўнг, Муҳаммад Хоразмшоҳнинг сабр-косаси тўлиб тошди. У барча хутбадан ва тангалардан халифа ан-Носир номини олиб ташлаш ҳақида фармон берди. Сўнг 1212 йилда Хоразм мамлакатларидаги уламолар ва имомлар анжуманини ўтказиб, улардан аббосий халифасини тахтдан тушириш ва ҳазрат Али ибн Абу Толиб авлодидан Алоъул – Мулк ат-Термизийни халифа қилиб кўтариш ҳақида фатво чиқариб олди (Нисовий).
Хоразмшоҳнинг ғазабини ошириб, уни Бағдодга қарши юриш қилишга ундаган воқеалардан охиргиси шу бўлдики, хоразмийлар Ғазнонни ишғол қилганларида, ғурий султонларнинг дафтархонасидан халифа анНосирнинг султонга қарши мактублари топилди. Халифа ғурийларга ёзган хатида уларни хоразмшоҳлар давлатига ҳужум бошлашга қайраган (Жувайний). Халифанинг қорахитой амирларига юборган худди шу мазмундаги мактублари ҳам топилди (Ибн ал-Асир).
Хоразмшоҳ қўшинлари Бағдодга қарши юриш бошлаб, аванғори Ҳамадонга етгани хабарини эшитган халифа Носир музокаралар йўли билан бу ишни тўхтатишга жазм қилди ва хоразмшоҳ ҳузурига яна шайх Суҳравардийни элчи қилиб юборди. Аммо бу сафар Алоуддин шайхга лозим даражада иззат-ҳурмат кўрсатмади. Шайх Суҳравардий ўзининг бу элчилиги ҳақида бундай деб ёзади:
“Каминани Султон ҳузурига таклиф этишди. Аввал каттакон шоҳона хайма (чодир)нинг даҳлизига кирдик, атласу парчалар билан безатилган бундай чодирнинг дунёда ўхшаши йўқ эди. Бу даҳлизда мулуки (Ажам подшоҳлари) Ҳамадон, Исфаҳон, Рой ва бошқа вилоятларнинг малликлари мартабаларига қараб саф тортиб туришарда. Бу ердан бошқа бир шойи чодирга ўтдик – у ерда Хуросон, Марв, Нишопур, Балх ва бошқа юртларларнинг маликлари саф тортиб туришарди. Кейин жуда катта тилларанг ҳиргоҳга кирдик. Ҳиргоҳ олдида жавоҳирлар қадалган сижофпарда тортилган эди. Хоразмшоҳ ҳали ёш, соқолли бўлиб, оддий тахт устида ўтирар эди. Султоннинг эгнида беш дирҳамли бухорий қабо (оддий чопон), бошида бир дирҳамли мўйна телпак бор эди. Камина султонга халифанинг дуо саломларини айтдим. Аммо хоразмшоҳ индамади, каминага ўтиришни ҳам таклиф этмади. (Яна) ўзимни таништириб, аббосий халифалар наслнасабини зикр этдим ва халифа Носирни сабр-қаноатли, оқкўнгил, адолатли ва тақводор киши эканлигини айтдим. Гапимни тугатгач, хоразмшоҳ таржимонга қараб деди: “Элчига айтгинки, у тавсиф қилган фазилатлар эгаси ҳозир Бағдодда эмас, яқинда биз Бағдодга борганимизда (халифалик тахтига) ўшандай фазилатлар эгаси бўлади”.
Демак халифа ан-Носирнинг ишончли вакили, мусулмон оламида машҳур сўфий Шиҳобиддин Суҳравардийнинг иккала сафарги элчилиги ҳам муваффақиятли чиқмади. Шундан сўнг …
Муҳаммад Хоразмшоҳ Марказий Осиёдаги ҳарбий юришларида улкан ютуқларга эришгач, ўзига тенг келадиган рақиб йўқ деб ҳисобларди. Аммо, Чингизхоннинг сиёсий майдонга кириб келиши ва Хитойдек улкан давлатни ўз мамлакатига қўшиб олиши уни жуда қизиқтириб қўяди. Чингизхон ва Мўғуллар давлатини яқиндан билиш ва у ҳақида маълумотларга эга бўлиш учун Муҳаммад Хоразмшоҳ Хитойга ўзининг давлат арбобларидан бири Саййид Баҳоуддин ар-Розийни элчи қилиб юборади. Шу тариқа Хоразмшоҳлар давлатининг Мўғуллар давлати билан дастлабки элчилик алоқалари бошланган эди. Муҳаммад Хоразмшоҳнинг элчилари Пекинга 1215 йил июн ойида Чингизхон қўшини шаҳарни босиб олиши билан келган эди. Чингизхон Хоразмшоҳ элчиси бирга 500 туялик карвон билан ўз савдогарларини юборади. Карвон олтин, кумуш, хитой шойиси, енгил шойи мато, сувсар, қундуз ва бошқа нодир, қимматбаҳо матоларни олиб йўлга чиққан.
Бу вақтда Муҳаммад Хоразмшоҳ муваффақиятсизлик билан тугаган Бағдод юришидан қайтиб келиб, Хоразмга бормасдан Мовароуннаҳрда тўхтаган эди. Хоразмшоҳ Чингизхоннинг элчилари ва уларга ҳамроҳ бўлган савдо карвонини Бухорода кутиб олган. Шундан сўнг Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳам 1218 йил баҳор ойида Бухородан Чингизхон қароргоҳига карвон билан савдогарлардан амир Ҳусайиннинг ўғли Аҳмад Хўжандий ва Аҳмад Балхийларни юборган.
Бу савдогарлар бошчилигидаги савдо карвони тўғрисида манбаларда шундай берилган: “Чингизхон қароргоҳига Мовароуннаҳрдан бир гуруҳ савдогарлар келади. Чингизхон савдогарлардан бирини чорлаб, у олиб келган маҳсулоти баҳосини сўраганда у бир олтинга тенг келадиган матони ўн олтинга баҳолайди. Шунда Чингизхон бу савдогарни ёлғон гапирганидан жаҳли чиқиб, мулозимларига бизларни бу хил маҳсулотларни билмайди деб уйлаяпти хазинадан қимматбаҳо матоларни олиб чиқиб кўрсатинг деб буюрган”. Бу ерда савдогарлар ўз маҳсулотларини юқори баҳолаб, кўпроқ фойда олишни мақсад қилган эдилар.
Ўз навбатида Чингизхон хам жавоб ташрифи тариқасида Муҳаммад
Хоразмшоҳ ҳузурига элчи қилиб Маҳмуд ал-Хоразмий, Алихўжа алБухорий ва Юсуф Канка ал-Ўтрорийларни юборган. Улар Чингизхондан яна ҳадялар келтирганлар: қимматбаҳо маъданларнинг қуйилмалари, мушкли халтачалар, яшмалар ва ҳар бири 50 динор ва ундан ортиқ келадиган оқ туя жунидан чакмонлар. Уларнинг келишидан мақсад ўртада тинчлик, дўстлик, яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатишни сўрашдан иборат эди. Элчилар бундай деди: “Улуғ хон сенга салом йўллаб, шундай дейишимизни буюрди: сен қилаётган улуғ ишлар менга аён, давлатингда нималарга эришганингни ҳам яхши биламан. Мен сенинг мулкинг ниҳоятда катта эканлигидан, буйруғинга оламдаги кўплаб мамлакат итоат этишидан хабардорман. Сен билан тинчлик, осойишталикда яшашни ўзим учун мажбурият деб биламан. Сен менга энг азиз ўғилларимдан бири кабисан. Менинг ғазабини қўзғатди. Чунки, Чингизхон мактубида Муҳаммад Хоразмшоҳни ўз ўғиллари қаторида кўрган ва мамлакати Хоразмшоҳлар давлатидан қолишмаслигини билдириб ўтган. Шунда у мўғуллар томонидан элчи бўлиб келган асли Хоразмлик бўлган Маҳмуд Ялавочни ёлғиз ўзини ҳузурига чақириб, росдан ҳам Мўғуллар давлати мактубда ёзилганидек қудратлими ёки йўқми билишни ҳоҳлади. Шунда Маҳмуд Ялавоч Хоразмшоҳнинг ғазабини кўриб унинг ҳар бир саволига эҳтиёткорлик билан жавоб берган. Бу ерда у ўз ҳаётини ҳамда Муҳаммад Хоразмшоҳни Чингизхон билан дўстлик муносабатларини сақлашга ҳаракат қилган.
Шундан кейин Муҳаммад Хоразмшоҳ Чингизхонниннг тинчлик, осойишталикда яшаш тўғрисидаги таклифига рози бўлди. Бундан Чингизхон ҳам хурсанд бўлди. Ўртадаги дўстона алоқалар унинг мамлакатидан Ўтрорга Умар Хўжа ал-Ўтрорий, ал-Жамол ал-Мароғий, Фахриддин ал-Жиззахий ал-Бухорий, Аминиддин ал-Харавий каби савдогарлар келгунга қадар давом этд1. Юқорида номлари келтирилган савдогарлар бошчилигида 450 кишидан иборат савдо карвони тузилиб, 1219 йилда Чингизхон мамлакатидан Хоразмшоҳлар давлатига савдо-сотиқ қилиш учун юборилган. Карвон Ўтрор шаҳрига келганида унинг ҳокими Иналхон томонидан ушланиб қолинган. Бу ҳақида ан-Насавий шундай дейди: “Бу ерда Султоннинг тоғасининг ўғли Инолхон йигирма минг отлиқ лашкарлари билан турарди. У Ўтрорни ноиби сифатида бошқарарди. Унинг нафс босган дилида бу савдогарларнинг мулкига эга бўлишдек очкўзлик пайдо бўлди. Шу мақсадда у Султонга мактуб ёзиб, “Ўтрорга савдогар кийимида келган бу одамлар асло савдогарлар эмас, аслида айғоқчилар. Улар атрофига одам йиғиш учун келишган. Оддий ҳалқ орасига ўзига ишончли шериклар топишгач, уларга: “сизлар атрофингизда нималар рўй бераётганини биласизларми? Ҳамма нарсадан бехабарсиз. Яқинда сизлар аввал ҳеч ким кўрмаган воқеалардан огоҳ бўласизлар” дейдилар”. Бу ерда Ўтрор ҳокими мўғулларнинг савдо карвони тўғрисида ўз шубҳа гумонларини билдирган эди. Шундан сўнг Муҳаммад Хоразмшоҳ унга ўз ваколати доирасида эҳтиёткорлик юзасидан иш кўришга рухсат берган ва ўз қарорини кутишни буюрган эди2. Бироқ, Иналхон савдо карвонидаги барча савдогарларни қатл этирган. Бу ерда ан-Насавий Инолхонни Ўтрор фожеасининг асосий сабабчиси сифатида кўрсатиб ўтган. Тўғри, Инолхон балки ўз мансабидан фойдаланиб, кўп нобоп ишларни қилган бўлиши мумкиндир. Бу билан унинг бу ишини оқламоқчи эмасмиз. Бироқ, Иналхонни Хоразмшоҳга ёзган мактубига назар соладиган бўлсак, хатда ёзилишича савдогарлар билан бирга айғоқчилар келганлигига ишора қилинган. Жумладан, манбаларда келтирилишича, Чингизхон Бухородан борган савдо карвонига жавобан карвон тузилиб, ҳар бир мўғул оиласидан киши қўшишга буйруқ берган3. Бу ҳолат маълум бир маънода Иналхоннинг сўзларини тасдиқлайди деса бўлади. Чунки, Чингизхоннинг асл мақсади савдо-сотиқ қилиш баҳонасида Хоразмшоҳлар давлатини куч-қудратини ва мамлакатдаги аҳволни ўрганиш бўлган. Шу сабабли карвонда мусулмон савдогарлар билан бирга мўғуллар ҳам бўлган. Чингизхонни Хоразмшоҳлар давлатини ўрганишга сабаб бўлган яна бир омил борки, бу Бағдод халифалиги (750 – 1258 ) эди. Ўрта аср манбаларида келтирилишича, юриш қилишга ундаган.Чунки, халифа ан-Носир Муҳаммад Хоразмшоҳни Бағдодга юриш қилиб уни эгаллаб олишидан хавфсирарди. Шу сабабдан ҳам халифа ўзининг дунёвий ҳокимиятини сақлаб қолиш учун мусулмон бўлмаган кўчманчи Мўғуллар ҳукмдори Чингизхон билан дўстона муносабатларни ўрнатишга тайёр бўлган. 1219 йилги Ўтрор фожеасидан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатлар зиддиятлашди. Жумладан, Чингизхон бўлиб ўтган воқеага аниқлик киритиш мақсадида Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳузурига Ибн Қафраж Буғра ва икки тотор ҳамкорлигида элчи юборди. Элчилар Хоразмшоҳга қуйидаги сўзлар битилган номани топширди: “сен савдогарларнинг хавфсизлигини таъминлаш, улардан ҳеч қайсисига ҳужум қилмаслик тўғрисида муҳринг босилган хужжатни юборган эдинг. Лекин сен аҳдингга вафосизлик қилдинг, берган сўзингни буздинг. Ўз сўзида турмаслик ёмон, айниқса, мўминлар султонининг хиёнаткорлиги янада оғир. Агар сен бу иш менинг буйруғимсиз, Инолхон томнидан амалга оширилган деб ҳисоблайдиган бўлсанг, у ҳолда Инолхонни менга бер, уни жинояткорона иши учун жазолайлик, шу тариқа оломонни тинчитиб, қон тўкилишининг олдини олайлик. Акс ҳолда-уруш. Бу туфайли қанча азиз жонлар хору хасга айланади, найзаларнинг сопи мажақланади”. Муҳаммад Хоразмшоҳ Чингизхоннинг талабларини бажармади. Бунга унинг ўзига хос асослари мавжуд эди. Биринчидан, бу ерда Муҳаммад Хоразмшоҳ ўз мавқеини ҳам ўйлаган, яъни агар Чингизхонни айтганини бажарса унга тоъбе бўлиб қоларди. Чунки Муҳаммад Хоразмшоҳ ўзини Марказий Осиё минтақасининг ягона ҳукмдори деб биларди. Хаттоки, у ўзини “Искандари соний” деб атаганди. Иккинчида, Иналхон Муҳаммад Хоразмшоҳ онасининг жияни эди. Қариндошлик томонидан яқин кишиси бўлган. Учинчидан, Муҳаммад Хоразмшоҳ қўшинидаги аксарият амирлар, сарбозлар Инолхонга қариндош ёки бир уруғдан бўлган. Улар мамлакатнинг таянчлари, юртининг қалқонларига айланганди. Шу сабабли ҳам жудақалтис вазият юзага келганди. Бунинг ечими эса мушкул масала эди. Бундай ҳолатда Муҳаммад Хоразмшоҳ икки талабдан бирини, яъни Чингизхон билан уруш қилишни танлади. Шундан сўнгу мўғул элчиларини қатл эттирди. Шу ерда Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳалқаро муносабатларнинг тартиб қоидаларига зид равишда иш кўрди. Гарчи, элчига ўлим йўқ деган, нақл бўлсада, бу элчилар ўша даврнинг қурбони бўлди. Бу воқеадан сўнг Чингизхон Муҳаммад Хоразмшоҳга яна элчи юборган. Г. Лэмбнинг ёзишича, Чингизхон Муҳаммад Хоразмшохга очиқ таҳдид қилиб қуйидаги мазмунда хат йўллайди: “хонлар хони Чингизхондан Муҳаммад Хоразмшоҳга: қарасам сен душманликни дўстликдан, урушни тинчликдан афзал кўраяпсан. Ўзингнинг номардона қилмишинг билан орамиздаги дўстлик ва ҳурмат пардасини йиртдинг. Натижада ишни шу даражага етказдингки, энди ўртамизда жанг қилишдан ўзга чора қолмади. Охири ғалаба қайси биримизгадир насиб этади.Ростданам худодан бўлак хеч ким бизнинг тақдиримиздан бехабардир!”4. Шундан сўнг Чингизхон бошчилигидаги мўғул қўшини Муҳаммад Хоразмшоҳ давлатига бостириб келди. Бу уруш халқлар бошига тарихда мисли кўрилмаган офатларни олиб келди. Чингизхон Муҳаммад Хоразмшоҳни осонгина енгиш учун ундан норози бўлган шахслардан усталик билан фойдаланган. Шундай шахслардан бири Бадриддин ал-Амид бўлган. У Муҳаммад Хоразмшоҳнинг Ўтрордаги вазири ас- Сафий ал-Акра ўрнини эгаллаганди. У Чингизхон ҳузурига келиб, Хоразмшоҳдан норози эканлигини ва ундан ўч олиш нияти борлигини билдирган. Сабаби
Муҳаммад Хоразмшоҳ Ўтрорни қўлга киритгандан сўнг унинг отаси қози ал-Амид Саъдни, амакиваччаси қози Мансурни, тоғаваччалари ва яқин қариндошларидан бир неча кишини ўлдиртирган эди1. Шу туфайли ҳам Бадриддин ал-Амид оиласи ва яқинлари учун ўч олиш мақсадида Чингизхонга Хоразмшоҳни қандай қилиб енгиш усулини ўргатади. У бу юришда айёрлик ишлатиб, Муҳаммад Хоразмшоҳ ва онаси Туркон хотун ўртасига нифоқ солиш таклифини беради. Чунки, Хоразмшоҳлар давлатидаамалдаикки ҳокимлик мавжуд бўлиб, мамлакат ҳукмдори Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳисобланса-да, онаси Туркон хотун фармонларини тасдиқлаган. Шу сабабли ҳам баъзан улар ўртасида келишмовчиликлар ва норозичиликлар бўлиб турган. Бу вазиятдан эса мўғуллар устамонлик билан фойдаланганлар.
Шундан сўнг Бадриддин ал-Амид Туркон хотиннинг яқинлари бўлган лашкарбошилар номидан мактуб тайёрлайди. Мактубда шудай ёзилган: “Биз ўз уруғимиз ва биздан паноҳ истаганлар билан биргаликда туркийлар мамлакатидан султон ҳузурига, унинг онасига хизмат қилиш учун келдик. Бизлар унга ер юзининг барча давлатларига қарши курашда, уларни босиб олишда, ҳукмдорлари ва аҳолисини бўйсундиришда ёрдам бердик. Эндиликда унинг онаси ҳақ-ҳуқуқларига нисбатан ниятлари ва муносабатлари ўзгарди: у ўзининг манманлиги натижасида ҳурматсизлигини кўрсатмоқда. Шу сабабли Туркон хотун султонга ёрдам бермаслигимизни буюрди. Бизлар эса сенинг (Чингизхон) келишингни кутяпмиз, сенинг амрингга бўйсуниш ниятидамиз”. Чингизхон бу мактубни ўз яқинлари орқали юбортирди, у, гўё Хоразмшоҳ ҳузурига қочиб ўтгандек таассурот туғдирдиб, аслида эса она-бола ўртасига раҳна солиш учунучун юборилган эди. У мактубларни тарқатди, бундан хабар топган Муҳаммад Хоразмшоҳ ўзига ва яқинларига бўлган ишончи йўқолди.
Худди шундай мазмундаги мактубни Чингизхон ўзига содиқ бўлган одамлардан яна бири ҳожиб Донишманддан Хоразмга Туркон хотун ҳузурига жўнатади. Мактубда шундай ёзилган: “Маълумки, ўғлинг ҳуқуқларингни поймол этиб, сенга ёмонлик қилди. Шу сабабли мен унинг баъзи амирлари билан келишган ҳолда унга қарши юриш қилмоқчиман. Аммо сенинг мулкингга ҳужум қилмайман. Агар сен шартимга кўнсанг, менинг сўзларим ишончли эканлигини билмоқчи бўлсанг, ҳузуримга кимнидир юбор. Шундан сўнг Хоразм, Хуросон ва Жайҳуннинг нариги томонидаги уларга теградош бўлган мулклар ҳам сенга берилади”3. Бу номага жавобан Туркон хотун қўрқув билан шаҳарни тарк этди ва Хоразмдан чиқиб кетди. Шу тариқа қудратли Хоразмшоҳлар давлати ички парокандалик ва мўғуллар ҳужумидан инқирозга юз тутди. Хулоса қилиб айтганда, Хоразмшоҳлар ва Мўғуллар давлатининг ўзаро элчилик алоқаларининг дастлабки босқичи савдо-сотиқни йўлга қўйиш орқали юзага келган эди. Икки мамлакат ўртасида бир неча марта элчилар алмашинилган ва савдо-сотиқ алоқалари олиб борилган. Бироқ, алоқаларнинг кейинги босқичига келганда, давлатлар ўртасидаги муносабатлар зиддиятлашган. Шунга қарамасдан бу босқичда ҳам икки давлат ўртасида элчилик алмашинуви давом этган. Лекин, олиб борилган бу элчилик алоқалари урушни олдини олишга ва тинчликни мустаҳкамлашга ёрдам бера олмаган.