Suriya, Iroq, Arabiston yarim oroli, Saudiya Arabistoni va Yaman Usmonlilar imperiyasi tarkibida

Сурия

Географик жойлашуви ва демографик ҳолати. Ҳозирги Сурия,

Ливан, Иордания, Фаластин ва Исроил ҳудудлари тарихан битта

географик минтақани (ёки мамлакатни) ташкил қилиб, ўрта аср араб

манбаларида Сурия (Сурийя, аш-Шом) номи билан машҳур бўлган.

Суриянинг табиий чегаралари шимолда – Тавр тоғларининг жанубий қисми, жанубда – Синай ярим ороли, ғарбда Ўрта Ер денгизининг қирғоқлари, шарқда – Буюк Сурия чўллари эди.

Ушбу табиий чегаралар асрлар давомида ўзига хос иқтисодий ва ижтимоий укладнинг шаклланишига олиб келди. Сурия сиёсий жиҳатдан мустақил

давлат бўлмасдан, турли даврларда ҳар хил давлатлар таркибига

кирган. Янги давр арафасида бу ерлар Мисрдаги мамлук султонларга қарашли эди. Суриянинг аҳолиси 2 млн кишига яқин бўлиб,

асосий қисми йирик шаҳарлар – Дамашқ (100 мингга яқин), Халеб

(Алеппо) (150 мингга яқин) кабиларда яшаган. Бошқа араб давлатлари ичида Сурия азалдан ўзига хос этно-конфессионал ҳолати билан ажралиб туради. XVI асрга келиб бу ерда асосан араб тилида

сўзлашувчи бир хил этник муҳит шаклланди. Қадимги оромийлар

ва финикияликларнинг авлодлари билан Арабистон ярим оролидан

келган арабларнинг авлодлари ўртасидаги фарқ деярли йўқ бўлиб

кетди. Араб бўлмаган аҳоли (шимолда муқим яшовчи курдлар ва

туркманлар, шунингдек, турклар, арманлар, яҳудийлар, лўлилар)

умумий аҳолининг жуда камчилигини ташкил қиларди.

Этник мансубликка қараганда диний мансублик аҳоли онгида ўзликни эътироф этишнинг устивор принципи ҳисобланарди.

Миллий онг фақат XIX аср иккинчи ярмидагина шакллана бошлади. Инсон ўзини аввало бирон-бир диний жамоанинг аъзоси сифатида, кейин эса бирон-бир шаҳар ёки қишлоқнинг вакили сифатида қабул қилади, этник келиб чиқиш эса катта аҳамиятга эга эмас. Масалан, то XIX аср охирларигача араб сўзи араб тилининг

турли диалектларида сўзлашувчи аҳолиниг умумий этноними сифатида қўлланилмасди, фақат кўчманчи-бадавийларга нисбатан ишлатиларди. Сурия аҳолисининг диний таркиби ҳам анча хилмахил эди. Мусулмонлар кўпчиликни – аҳолининг 85% ини ташкил

қилар, шундан 80% и суннийлар, қолган қисми шиалар (шу жумладан друзлар, алавийлар ва исмоилийлар) эди. Аҳолининг 15% га яқини христианлар бўлиб, уларнинг ичида православ ва маронит мазҳабига мансублар кўпчиликни ташкил қиларди. Бундан ташқари сиро-яковитлар (монофизит йўналиши), несторианлар, арман-григорианлар ва бошқалар ҳам истиқомат қиларди. XIX аср охиригача яҳудий динига мансублар Сурия умумий аҳолисининг 1% идан ошмасди.

Турклар истилоси.

 

XVI аср бошларида араб мамлакатлари усмоний турклар томонидан забт этила бошланди. Месопотамия босиб олингандан сўнг султон Салим I нинг қўшинлари Сурия, Ливан ва шу пайтгача Миср мамлуклари ҳукмронлиги остида бўлган бошқа араб ерларини босиб ола бошлади.

Турклар ва мамлакатларнинг қўшинлари 1516 йили августда

Халабдан шимолроқда тўқнашди. Қуроллар ва уруш тактикасидаги устунлик жангнинг тақдирини турклар фойдасига ҳал қилди.

Мамлуклар, бадавийлар2 ва сурияликлардан ташкил топган армия

тўлиқ мағлубиятга учради. Мамлуклар ҳукмдори Кансух ал-Гурий

жангда ҳалок бўлди. Халебда турклар томонидан қўлга киритилган мамлуклар хазинаси миллион динор деб баҳоланади. Октябрнинг ўрталарида Дамашқ, кейин Қуддус забт этилди ва бутун Сурия турклар ҳукмронлиги остига ўтди.

Турклар истилосини енгиллаштирган ҳолат шу бўлдики, мамлуклар зулмидан озор чеккан кўплаб шаҳарларнинг ва вилоятларнинг аҳолиси турк қўшинларини ўз халоскорларидай қабул қилишди.

Ҳамма жойларда мамлукларга қарши қўзғолонлар бошланиб кетди.

Кўчманчи-бадавийлар мамлукларнинг чекинаётган қўшинларига

ҳужумлар уюштириб, уларга катта талафот етказдилар. Мамлуклар фақат Мисрдагина тарқалаётган қўшинларни тўплаб, ягона қўмондонликка бўйсундириб, мамлакат ҳимоясини ташкил қилишга муваффақ бўлдилар. Аммо уларнинг қаттиқ қаршилигини енгиб,  1517 йилнинг бошларида турклар армияси Қоҳирани эгаллашди.

Мамлукларнинг қолганлари Туман бей бошчилигида Мисрнинг шимолига чекинишди, аммо тез орада турк қўшинлари бу ерда ҳам уларни тор-мор қилишди, Туман бей 1517 йили қатл қилинди. Шу билан Мамлуклар султонлиги барҳам топди, унинг ҳудудлари, жумладан Сурия ҳам Усмонийлар империяси таркибига қўшиб олинди.

Салим I жума номозида икки муқаддас шаҳар (Макка ва Мадина)

нинг ходими деб эълон қилинди ва бу билан маҳаллий мусулмон аҳоли ҳамда уламоларнинг тўлиқ қўллаб-қувватлаши туфайли ҳали Салоҳиддин замонидан бери фақат мисрлик ҳукмдорларга тегишли бўлган унвонни қабул қилди. Шундай қилиб, мамлукларни тор-морқилиш натижасида, усмоний турклар мусулмон оламининг диний ва дунёвий сардори бўлиб олдилар.

Усмонийлар босқини Сурия иқтисоди учун вайронгарчиликлар олиб келмади. Мамлукларнинг мағлубиятини истаган сурияликлар усмонийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватладилар, кўпчилик жойларда турклар етиб келишидан олдин қўзғолон кўтариб, мамлукларни ҳайдаб юбордилар. Мамлакатнинг араб тилида сўзлашувчи аҳолиси усмонийлар султонинимамлукларнинг зулмига барҳамбера оладиган, давлатда тартиб ва шариат қоидаларини ўрнатишга қодир,  ўзларининг янги қонуний ҳукмдори сифатида қабул қилдилар.

Сурияда ижтимоий-иқтисодиймуносабатлар.Ўрганилаётган даврда Усмонийлар империяси учун характерли бўлган феодал муносабатлар Сурияда ҳам ҳукмрон эди. Давлат барча бойликларнинг

олий мулкдори ҳисобланар эди. Усмонийлар империясининг бошқа ерларидаги сингари Сурия иқтисодининг ҳам асосини қишлоқ хўжалиги ташкил қилади. Илгари мамлукларга тегишли бўлган ерлар усмонийларнинг давлат мулки деб эълон қилинди. Суриядаги

бир қисм давлат ерлари феодал сипоҳийларга ҳарбий хизматлари учун маълум шартлар асосида тарқатилди. Ҳарбий-лен тизими жорий қилинмаган ерлардан солиқни давлат хизматчилари маҳаллий оқсоқоллар ёрдамида йиғар эдилар. Сурия вилоятларидан йиғилган

сипоҳий лашкарлар шу ернинг ўзида ҳарбий хизматни ўташар, шунингдек усмонийларнинг босқинчилик урушларида иштирок этардилар. XVI асрда сурияликлар 16 минг лашкар бериши лозим эди.

Ишлов бериладиган барча давлат ерлари солиққа тортилган бўлиб, солиқ ҳажмини белгилашда фақат ернинг майдони эмас,  унинг ҳосилдорлиги ҳам ҳисобга олинар эди. Усмонийлар империясининг ҳар бир вилояти учун алоҳида қонун ҳужжатлари қабул қилинган ва бу қонунлар маҳаллий хусусиятларни ҳисобга олиб,  солиқлар тизимини белгилаган эди. Маълумки, Усмонийлар империясида крепостной ҳуқуқ тизими мавжуд бўлмаган. Деҳқонлар

шахсан озод ҳисобланишган ва агар қарзи бўлмаса яшаш жойини

хоҳлаганча ўзгартириши мумкин бўлган. Давлат ерларида ишлайдиган деҳқонлар ер солиғи тўлашарди. Деҳқон давлат солиғини тўлагандан сўнггина ҳосилнинг ўзига тегишли қисмига эгалик қилиши мумкин эди. Ҳайдаладиган майдонлардан ер солиғидан

ташқари мевали дарахтлар учун ҳам алоҳида солиқ ўрнатилган.

Кўчманчи қабилалар ҳам солиққа тортилган бўлиб, мавжуд моллар сони ва яйловлар майдонига қараб солиқ ўрнатилган эди. Мусулмон бўлмаган аҳоли барча солиқлардан ташқари аҳоли жон бошига тўланадиган солиқ-жизья ҳам тўлаши лозим бўлган.

Вақф ерларидан олинадиган даромад хайрия ишларига, мусулмон диний муассасаларини (мачитлар, мактаблар ва ҳ.к.) таъминлашга йўналтирилган. Вақф ерлари ҳайдаладиган ерларнинг қарийб 1/3 қисмини ташкил қиларди.

Сурия иқтисодининг ривожланишида йирик савдо-ҳунармандчилик марказлари бўлган шаҳарлар – Дамашқ, Халаб, Қуддус катта роль ўйнайди. Бу шаҳарлар Сурияни Месопотамия, Хижоз, Анатолия, Эрон ва бошқа мамлакатлар билан боғлайдиган йирик карвон йўллар устида жойлашган эди. Усмонийлар империясининг бошқа

вилоятлари ва Европа давлатлари билан савдо қилишда Искандария,  Латакия, Сайда, Тир, Байрут, Яффа шаҳарлари орқали ўтадиган денгиз йўллари ва денгиз савдоси ҳам яхшигина аҳамият касб этади.

Дамашқ ва Халаб карвон ҳамда денгиз йўлларининг кесишган ерида

жойлашган бўлиб, бу ҳол уларнинг гуллаб-яшнашига сабаб бўлди. Фақат Халабнинг ўзида 300 дан зиёд карвон саройлар мавжуд эди.  Бу ерлик ҳунармандларнинг маҳсулотлари, хусусан, Сурия ипак матоси ва қуроллари (Дамашқ пўлати), зар-безак буюмлар фақат

Суриянинг ўзида эмас Ғарбий Европа мамлакатларида ҳам машҳур бўлган. Барча араб-мусулмон мамлакатларидаги сингари бу ерда ҳам ҳунармандлар ўзларининг аниқ цех тизимига эга бўлиб, улар эснаф деб аталарди. Ҳар бир шаҳарда кўплаб шундай эснафлар мавжуд эди. Усмонийлар барча ҳунармандларга солиқ ва савдо божлари ўрнатган, бу солиқларни йиғиб олишда ҳамда шаҳарликларнинг усмонийларга нисбатан кайфиятини аниқлашда маҳаллий маъмурлар ва эснафларнинг бошлиқлари ёрдамига таянарди.

 

 

 

Вилоятларни бошқариш тизими.

 

Султон Салим I Сурияда

турган пайтида вилоят ва шаҳарларнинг вакиллари иштирокида мажлис ўтказади. Унинг шахсан ўзи йиғилганларнинг истакларини тинглади, шикоятларини текширди ва можароларини ҳал қилди.  Султоннинг кўрсатмасига биноан солиқлар ва савдо божлари пасайтирилди, ерлар қайта рўйхатга олинди, мусулмон бўлмаган жамоалардан баъзи бир қатъи чеклашлар олиб ташланди. Усмоний ҳукмдорлар христиан ва яҳудийларга эркин эътиқод қилиш имконини берди, ҳатто диний-юридик автономия ҳуқуқини инъом этди,

христиан епископлари ва яҳудий раввинларига ўз диндошларидан солиқни ўзлари йиғишга ҳамда жамоа ичидаги муаммоларни ўз диний судларида кўриб чиқишга рухсат берилди.

Усмонийлар таркибига кирган дастлабки йилларда Сурия

кенг ички автономиясини сақлаб қолган эди. Суриянинг империя ҳарбий-маъмурий тизимларига интеграциялашуви аста-секинлик билан амалга оширилди. 1518 йили Суриянинг ҳукмдори қилиб усмонийлар томонига ўтган мамлук саркардаларидан бири Жонберди ал-Ғазалий тайинланди. 1520 йили Салим I вафот этгандан сўнг алҒазалий янги султон Сулаймон I (1520 –1566) га қасамёд қилишдан бош тортди ва исён кўтарди. Дастлаб исёнчиларнинг қўли баланд келиб Дамашқни ва Суриянинг бошқа бир қатор шаҳарларини эгаллашди. Аммо Анатолиядан янги кучлар келиши билан исёнчилар тор-мор қилинди, ал-Ғазалий қатл этилди, Суриянинг автономияси эса бекор қилинди. Энди мамлакат учта вилоятга – Дамашқ, Халаб,  Триполига ажратилди. Кейинчалик, XVII асрда Дамашқ ва Триполи вилоятларининг денгизбўйи ҳудудларидан яна битта вилоят – Сайда ташкил этилди. Умуман айтиш мумкинки, XVI асрдан усмонийларнинг вилоятларни бошқариш тизими Сурияда ҳам тўлиқ жорий қилинди.

Вилоятларни Порта1 томонидан тайинланган губернатор –  вали бошқарар эди. Вилоятлар кичикроқ бўлинма – санжакларга бўлинган.

Тоғли Ливан алоҳида мақомга эга эди. У ўзига хос вассал ҳудудий бирлашма бўлиб, анча кенг автономия ҳуқуқларидан фойдаланар ва ўз ҳукмдорлари – амирлар томонидан бошқарилар эди.

Қуддус ҳудуди расман Дамашқ ва Сайда вилоятларига қараса-да,

бу ерда ҳам ўзига хос мақом шаклланди. Қуддус округи кўпинча вилоят валисига эмас, бевосита Портага бўйсинадиган мутассариф – пошо мақомидаги амалдор томонидан бошқарилар эди. Вилоят бошлиқлари (вали) одатда пошо унвонига эга бўлиб, султон ҳукуматининг вазири билан тенг саналарди. Унинг ваколатларижуда

кенг бўлиб, солиқларни йиғиш ва султон хазинасига жўнатишдан бошлаб, ҳудуддаги қўшинлар бош қўмондони сифатида жамоат тартибини ва чегаралар дахлсизлигини сақлашни ташкил қилишгача жавоб берарди. Дамашқ валиси буларнинг барчасидан ташқари мусулмонларнинг ҳаж сафарини ташкил этиш ва ўтказиш учун ҳам жавобгар саналарди.

Вилоят маъмуриятида валидан кейинги иккинчи шахс қози ҳисобланарди. Қози фуқаролик ва жиноий ишлари бўйича, уларнинг

мусулмон ҳуқуқига мос олиб борилиши учун масъул ҳисобланарди.

Бундан ташқари у диний муассасалар ва мактаблар устидан назорат ҳам олиб борарди.

Вилоят маъмурий марказининг муфтиси қозидан кейинги шахс бўлиб, вилоят маъмурияти қарорларига расмий диний-ҳуқуқий хулоса берарди. Муфтилар кўпинча ўриндошлик асосида девонни –  муваққат маслаҳат кенгашини ҳам бошқарар эди.

XVII–XVIII асрларда Сурия.

 

Ерга эгалик қилишнинг ҳарбийлен тизими Суриянинг вилоятларида қисман тарқалган эди. Бироқ бутун Усмонийлар империясида XVI асрдаёқ бошланган ушбу тизимнинг инқирози Сурия вилоятларида ҳам акс этди. Вали Портанинг расмий вакили сифатида империя марказининг зарурий молиявий ва ҳарбий ёрдамидан фойдаланиши лозим эди.

Амалда эса сипоҳийларнинг таъсири пасайиши натижасида марказий ҳокимият солиқ йиғиш ва қўшин етказиб беришни валилар зиммасига юклашга мажбур бўлди. XVII–XVIII асрларда Усмонийлар империясида молиявий инқироз ва коррупциянинг кучайиши натижасида усмоний маъмурлар ўз фаолиятларида борган сари вилоятлардаги анъанавий маҳаллий зодагонларга таянишга мажбур бўлдилар.

XVII–XVIII асрларда Усмонийлар империясида бошланган жараён – янги ижтимоий қатлам – аёнлар қатламининг, яъни маҳаллий

зодагонларнинг шаклланиш жараёни Сурия учун ҳам характерлидир. Аёнлар давлат ерларидан солиқ йиғиш ҳуқуқини сотиб ола бошладилар.

Ерлардан солиқ йиғиш ҳуқуқини сотиб олиш – илтизамий – Усмонийлар империясининг бошқа вилоятларидаги сингари Сурияда ҳам кенг тарқалди. Бундай ҳуқуқни сотиб олувчиларни мултазим деб аташган, улар ер ҳажмига қараб солиқ миқдорини давлат хазинасига олдиндан тўлаганлар ва кейин деҳқонлар ҳисобига бойиб кетишганлар. Мултазимларнинг деҳқонлардан олинадиган солиқ миқдорини кескин оширишларига давлат амалдорлари эътибор қаратмас эдилар. Борган сари мултазимлар солиқ йиғиш ҳуқуқини ўзларида сақлаб қолиш ва ҳатто мерос қолдириш учун ҳаракат қила бошладилар. Солиқ йиғиш ҳуқуқи сотиладиган йиллик аукционлар шунчаки ясамачиликка айланиб қолди, чунки энди валилар ҳам ўзларига қарашли ерларда мултазим бўла бошладилар.

Сурияда ерларнинг асосий қисми турли хил кўринишда эски, усмонийларнинг кириб келишига хайрихоҳлик билан қараган, маҳаллий зодагонларнинг қўлида эди. Тоғли Ливанда ерларни бошқариш Маанидлар сулоласидан, XVII аср охирида эса Шихаблар сулоласидан бўлган шайхлар қўлида эди. Бошқа уруғдан бўлган шайх ва амирлар ўз ерларини Ливан амири бошчилигида ҳарбий хизматни ўташ шарти билан бошқариш ва мерос қолдириш ҳуқуқига эга эдилар.

Харфуш уруғидан бўлган шиа мазҳабидаги амирларга Баалбек ва Бекаа водийсининг бир қисми тегишли бўлиб, бу ерларни улар мерос сифатида бошқариб келарди. Ансарийлар (алавийлар) яшайдиган ерлар бир неча қабила бошлиқлари – муқаддамунлар ўртасида бўлиб олинган эди. Фаластинда ҳам маҳаллий ер эгаларининг бир неча уруғлари ерларга эгалик қилишарди. Давлат барча ерларнинг олий мулкдори ҳисобланган Усмонийлар империясида юқоридаги

жуда кўплаб ер эгалари аслида солиқ йиғиш ҳуқуқини сотиб олганлар ҳисобланган ва давлат бу ҳуқуқни уларга вақтинча – илтизам ёки умрбод – маликиён асосда берган.

XVII асрдан бошлаб ҳарбий бошлиқларнинг ерга эгалик қилиш ҳоллари кўпаяди. Қачонлардир

маҳаллий аҳолидан ўзини алоҳида тутган, ёпиқ ҳисобланган яничарлар корпуси ҳам аста-секин маҳаллий аҳоли вакиллари билан тўлдирилиб, кўпчилиги даромадлари бўйича маҳаллий зодагонларга тенглашади. Маҳаллий аёнларнинг бошқа бир қисмини уламолар ташкил қилади. Улар вақф ерларидан олинган фойда ҳисобига бойиб кетишади ва илтизам асосида давлат ерларини кўплаб харид қиладилар. Натижада уламоларнинг бой оиласи катта фойда келтирадиган лавозимларни, масалан, йирик масжиднинг имоми лавозимини авлоддан-авлодга ўтказиб келиши оддий ҳол бўлиб қолади.

Вазифаларини аниқ бажарадиган давлат хизматчилари ва қонунийлик ўрнига аста-секин протекционизм, уруғ-аймоқчилик,  шунингдек, найрангбозлик ва порахўрлик келади. Бу ҳол эса давлатни ич-ичидан емира бошлайди.

 

 

 

Ироқ Усмонийлар империяси таркибида

Ироқ турк-эрон истилочилик интилишларининг муҳим объектларидан саналарди. Форс қўлтиғига чиқишнинг қулай йўлларида жойлашган, Ғарб билан Шарқни боғловчи жаҳон савдо йўлининг муҳим қисми ҳисобланган Ироқ азалдан босқинчиларни ўзига жалб қилиб келган.

1467 йилдан XVI аср бошларигача Ироқ Оқ қуюнлилар давлати таркибига кирган.

1508 йили Сафавийлар Оқ қуюнлилар давлати

таркибига кирувчи ерларни забт этиб, улар ҳукмронлигига хотима ясади.

Сафавийлар Ироқдаги мусулмон суннийларга ва христианларга нисбатан ўта қаттиқўллик муносабатида бўлди, уларнинг муқаддас жойлари вайрон қилиниб, уламолар, сўфийлар ва христиан руҳонийлари қувғин қилинди.

Сафавийларнинг маҳаллий аҳолини диний ва этник камситиш сиёсати аҳоли ўртасида ҳаққоний норозиликка олиб келди. 1514  йили баъзи курд қабилалари Усмонийлар ҳомийлигига ўтдилар

ва ўзларинининг автоном ҳуқуқларини сақлаб қолдилар. 1515  йили Шимолий Месопотамияда Сафавийларга қарши қўзғолон кўтарилиб, унда курдлар билан бир қаторда оссуриялик христианлар ҳам фаол иштирок этишди. Қўзғолончилар қизилбошлардан қатор шаҳарларни озод қилдилар, лекин кучлар тенг эмаслиги сабабли султон Салим I га ёрдам ва ҳомийлик сўраб мурожаат қилдилар.

1516 йили Порта Юқори Месопотамияни ҳомийликка олганлигини эълон қилди. Қўзғолончилар ғалабасидан сўнг бутун Шимолий Месопотамия Усмонийлар қўл остига ўтди. 1529 йили қўзғолончилар Бағдодни эгаллашди.

1533 йили султон Сулаймон Қонунчи (1520 –1566) Сафавийларга қарши юриш бошлаб, 140 минг кишилик қўшин жўнатди. Ироқда аҳоли Сулаймон армиясини халоскор сифатида қарши олди. 1534  йил ёзида турклар Сафавийлар пойтахти Табриз шаҳрини эгаллади.

Мамлакатда диний бағрикенглик тикланди. Шу йили Бағдод ва Мосул эйалетлари ташкил қилинди. Тез орада Ироқнинг қолган қисмиҳам Усмонийларга тобеликни тан олди. 1546 йили Жанубий Ироқ пойтахти Басра бўлган Усмоний эйалетига айлантирилди. Бу билан

Усмонийлар империяси португалияликлар экспансиясига қарши туриш ва Басра божхонасидан яхшигина фойда олиш имкониятига эга бўлдилар.

Порта ҳокимияти Арабистон ярим оролининг шарқий қисмига ҳам жорий қилиниб, бу ерда ал-Хос эйалети ташкил қилинди.

Сафавийлар Усмонийларга қарши курашда португалияликлар

ёрдамига таянди, лекин 1548 –1549 ва 1554 –1555 йиллари бўлиб

ўтган турк-форс урушлари Усмонийлар фойдасига ҳал бўлди. Сафавийлар ўзларининг даъволаридан воз кечиб, 1555 йил май ойида имзоланган Амасия сулҳига биноан Ироқнинг Усмонийлар империяси таркибига кирганлигини тан олишга мажбур бўлдилар. Умуман

Усмонийлар билан Сафавийлар ўртасида бир асрдан кўпроқ давом этган кураш 1638 йили Усмонийларнинг ғалабаси билан якунланди.

Ироқ Усмонийлар империяси таркибига кириши билан унда

қуйидаги эйалетлар ташкил қилинди: Бағдод, Басра, Мосул,

Шаҳризор. Эйалетларнинг ҳуқуқий ҳолати, уларни бошқариш тизими, ички тузилиши, ҳуқуқ ва мажбуриятлари махсус қонун билан ўрнатилди. Эйалетлар санжакларга бўлинди. Ироқ эйалетларининг маъмурий-ҳуқуқий даражаси турлича бўлиб, бу Усмонийлар томонидан ўрнатилган эди.

Басра ва Шарқий Арабистон эйалетлари маълум автономияга эга бўлса-да, уларда султон қўшинлари жойлаштирилган. Бу эйалетлардан олинадиган йиллик даромад тўғридан-тўғри султон хазинасига тушарди.

Усмонийларнинг бошқарув тизими тарихан бир-бирига яқин

ҳудудларнинг сиёсий бирлашувига йўл қўймасди ва айни пайтда ҳар бирининг алоҳида-алоҳида бўлиб марказий ҳокимиятга бўйсинишини таъминларди.

Турклар Ироқда ўз ҳокимиятини ўрнатар эканлар, аввало асрлар давомида шаклланган этно-конфессионал ҳолатни ҳисобга олганлар. Ироқ аҳолиси ҳам этник, ҳам диний нуқтаи-назардан жуда хилма-хил эди. Бу ерда араблар, курдлар, форслар, турклар, оссурияликлар, яҳудийлар ва арманлар асрлар давомида қўшни яшашган,  ҳамкорлик қилишган, дўстлашган, баъзан жанжал ҳам қилишган.  Улар диний жиҳатдан мусулмон сунналарга, мусулмон шиаларга,  христианларга, яҳудийларга, иезидларга ва бошқа бир қанча дин ва мазҳабларга бўлинишган. Аҳолининг кўпчилиги учта-тўртта тилда бемалол сўзлашишган ва бу оддий ҳол ҳисобланган.

Ироқ шиалар учун алоҳида аҳамиятга эга эди, чунки бу ерда уларнинг муқаддас қадамжойлари, турли мамлакатлардан шиалар ҳаж зиёрати учун келадиган шаҳарлар – Нажаф ва Карбала жойлашган.

 

Аграр муносабатлар.

Ироқда Усмонийлар ҳокимиятининг ўрнатилиши фақат маъмурий тизимни ўзгартириб қолмасдан, аграр муносабатлар ва солиқ тизимида ҳам жиддий ўзгаришларга олиб келди. Усмонийлар қишлоқдаги мулкий муносабатларни тартибга солишда эски кадастрдан фойдаланди, аммо солиқларни аниқ ҳисобга олиш учун ерларнинг янги рўйхатини ҳам туздилар. Ироқда аввалги феодал институтларнинг баъзилари бекор қилинди, иқта1 ер эгалиги ноқонуний деб эълон қилинди ва бу билан мамлуклар тизимининг асослари йўқ қилинди, деҳқонларнинг баъзи бир мажбуриятлари бекор қилинди, айрим солиқларнинг миқдори пасайтирилди. Ушбу ўзгаришларнинг барчаси қонунда ўз аксини топди. Масалан, 1574 –1595 йиллари қабул қилинган қонунларда ер ўлчамларига аниқлик киритилган. Энг кичик ер ўлчами деб дёнюм2 қабул қилинди. У энига ва бўйига 40 қадам қилиб белгиланди. Бир

деҳқонга тегишли ер – чифтлик3 юқори ҳосилдор ерларда 80 дёнюм,

ўртача ҳосилдор ерларда 100 дёнюм, кам ҳосилли ерларда эса 150  дёнюмга тенг эди.

Солиқ ҳам ернинг ҳосилдорлигига қараб, икки ёки уч дёнюмга бир ақча4 тўланган. Бўш ётган ерларга ишлов бериб, уни оборотга қўшган деҳқонлардан солиқ олинмаган. Аксинча,

узрли сабабларсиз ерга ишлов бермаган деҳқон ернинг ўлчамига қараб 75 дан 300 ақчагача солиқ тўлаган. Деҳқоннинг уйланмаган ўғиллари бўлса ҳар бирига 6 ақчадан 12 ақчагача солиқ тўлаш лозим бўлган.

Бунданташқаринатуралсолиқларҳаммавжудэди. Суғориладиган ерлардан олинадиган натурал солиқ – ушр одатда ҳосилнинг 1/4  қисмини, бехре5 эса 1/15 қисмини ташкил қиларди. Деҳқончилик 1 Иқта – Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида ҳукмдор томонидан феодалга катта хизматлари эвазига инъом қилинган чек ер. 2 Замонавий дёнюм 0,25 гектарга тенг. 3 Чифтлик (арабча чифт, форсча жуфт) – бир кунда иккита ҳўкиз билан ҳайдалиши

мумкин бўлган ер. 4 Ақча – султон Ўрхон (1326 –1359) даврида зарб қилинган майда кумуш танга. 5 Бехре – сувдан ёки сув келадиган ариқдан фойдаланганлик учун тўланадиган солиқ. ва чорвачиликдан олинадиган солиқлар ҳам қонунларда аниқ қилиб белгиланган эди.

Усмонийлар даврида Ироқда ерга эгалик қилиш ва мулкчиликнинг қуйидаги турлари мавжуд эди:

  1. Мири – давлат солиғига тортиладиган ерлар. Улар ишлов бериладиган ерларнинг асосий қисмини ташкил қилиб, давлат хазинасига тушадиган асосий даромад ва натурал солиқлар шу ерлардан олинарди.
  2. Хос – эгалик қилиш шарти билан юқори даражали давлат амалдорларига бериладиган ерлар.
  3. Мулк – айрим феодалларнинг хусусий ерлари. Бу ерлар ишлов бериладиган ерларнинг жуда кам қисмини ташкил этган.
  4. Тимар ва зеаметлар – бу ер эгалари сипоҳийлар ҳарбий хизматлари учун ерга эгалик қилар ва оладиган даромадига қараб маълум сондаги аскарларни қўшинга берарди.
  5. Жамоа ерлари.
  6. Кичик ер эгалари бўлган деҳқонларнинг ерлари.
  7. Кўчманчи ва ярим кўчманчи қабилаларнинг ерлари.
  8. Вақф – диний ташкилотга тақдим этилган ёки фойдаланиш учун маълум муддатга берилган ерлар.

 

 

 

Ички сиёсий ҳолат.

 

Ироқдаги сиёсий ҳолатга жиддий таъсир

кўрсатадиган омил Усмонийлар империяси ва Эрон ўртасида вақтивақти билан чиқиб турадиган зиддият эди.

Эрон 1555 йили Ироқ устидан турклар ҳукмронлигини расман тан олган бўлса-да, XVII асрда ўз даъволарини янгидан бошладилар. Сафавийлар туркларга қарши ҳарбий юриш бошлаб, 1632 йили Бағдод, Мосул ва Шаҳризорни босиб олдилар, 1624, 1625 йиллари эса икки марта Басрани эгаллашга ҳаракат қилиб кўрдилар. Бу ҳаракатлар муваффақиясиз якунланган.

Усмонийлар 1638 йили Бағдодни қайтариб олгандан сўнг 1639  йили Туркия билан Эрон ўртасида тинчлик сулҳи имзоланди ва унда Ироқнинг Усмонийлар империяси таркибига қайтганлиги яна бир марта таъкидланди.

Шундан сўнг Усмонийлар бутун эътиборини Ироқдаги ички барқарорликни таъминлашга қаратди. Чунки Сафавийлар билан зиддият кучайган йиллари Ироқда мустақиллик учун ҳаракатлар ҳам

жонланиб қолган эди. Масалан, 1616 йил Басрада Сияблар сулоласи кучайиб, 40 минг пиастрга1 Басра эйалетининг бейларбейлигини сотиб олиб, шу сулола вакиллари 1661 йилгача Басрани бошқаришди.

Улар эрон-турк урушлари пайтида ўз ҳукмронликларини мустаҳкамлаш учун ҳатто португалларга ҳам мурожаат қилишган.

Жанубий Ироқда бадавий қабилаларининг қўзғолонлари доимий ҳол бўлиб қолди. Фақат 1699 йили Карловица тинчлик сулҳи имзолангандан сўнг Усмонийлар Ироққа иккита экспедиция юбориб,  1701 йили Басрадаги қўзғолонни, кейинчалик эса Ироқ жанубидаги ғалаёнларни ҳам бостиришга муваффақ бўлдилар.

XVIII асрдан бошлаб Усмонийлар империясининг иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан сусайганлиги, Европада бир қатор мағлубиятларга учраганлиги сабабли араб мамлакатларидаги аҳвол ҳам тубдан ўзгарди. Энди туркларга қарши мухолифат кучайиб, баъзи ҳолларда очиқ қаршилик кўрсатиш йўлига ўта бошлади. Усмонийлар бошқариш принциплари ва тизимининг асосларини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлди.

1704 йили султон Аҳмад II (1703 –1730) Бағдод пошоси қилиб

албан қавмидан чиққан, Истамбулда яхши таълим олган Аюб Ҳасан пошони тайинлади. Шу даврдан бошлаб Ироқни бошқариш сиёсий тизимининг характери ўзгарди. Бу ўзгариш шунда намоён бўлдики, маҳаллий пошоларни марказий ҳукумат томонидан тайинлашга барҳам берилди. Аюб Ҳасан пошонинг ўзи Бағдодни 20  йил бошқарди ва амалда ўз сулоласига асос солди. Бу хусусда Россиянинг Бағдоддаги консули А. Адамов шундай ёзади: «… Ҳасан

пошонинг Бағдодда пайдо бўлиши билан Туркия таркибида бўлган Ироқ тарихининг иккинчи босқичи бошланди. Бағдод пошоси ўз

қўл остига шимолий ва жанубий Ироқни, шунингдек, бутун Месопотамияни ва Жанубий Курдистонни бирлаштириб, Истамбулдан деярли мустақил равишда бу ерларнинг тақдирини ҳал қилувчига айланди»

. Бундан ташқари Ҳасан пошо ва унинг вориси – ўғли Аҳмад пошо мамлуклар гвардиясини ташкил қилдилар ҳамда бу билан мамлуклар режимининг шаклланиши ва ривожланиши учун замин яратдилар. Кўпчилик ҳолларда мамлуклар сотиб олинган қуллар эмас, Грузия ва Кавказ ортининг бошқа мамлакатларидан қариндошлариникига келиб, ўз хоҳиши билан хизматга кирганлар эди. Тез орада мамлуклар фақат ҳарбий эмас, балки маъмурий элитанинг ҳам асосини ташкил қилди.

Аюб Ҳасан пошо ўзининг маъмурий аппаратини шакллантирди. Унинг буйруғи билан махсус мактаб очилиб, унда қул болалар ўқитилди. Мактабни битиргандан сўнг улар ҳарбий ва маъмурий  лавозимларни эгаллайдилар.

1683 –1699 йиллари «Муқаддас лига»га қарши урушда Усмонийлар мағлубиятга учраб, Европадаги бир қатор ерларидан ва улардан тушадиган солиқлардан ажралдилар, империянинг ички сиёсий ва иқтисодий аҳволи ёмонлашди. Эроннинг бостириб кириш хавфи

ҳам сақланиб қолаётган эди. Шундай қийин ҳолатда Аюб Ҳасан пошонинг Мосул, Басра ва Шаҳризор эйалетларини унга қўшиб бериш ҳақидаги таклифини Порта қабул қилишга мажбур бўлди. Бу жараён 1715 йили якунланди.

Энди Ироқдаги барча лавозимлар Бағдод ҳукмдори томонидан тайинланадиган бўлди. Бирлаштирилган эйалетлардан тушадиган солиқлар ҳам Истамбулга эмас, Бағдод хазинасига тушарди ва унинг бир қисми Истамбулга жўнатилиб, қолган қисми Бағдод пошоси ихтиёрига ўтарди. Шундай қилиб, XVIII асрдан бошлаб Ироқ ўзининг яхши шаклланган бошқарув тизимига, жанговар қуролли кучларига, катта ҳудудга ва етарли автономияга эга бўлиб, расмангина Усмонийлар империяси таркибига кирарди. Аюб Ҳасан пошо вафот этгандан

сўнг ўғли Аҳмад 1724 –1734 ва 1736 –1747 йиллари ҳокимиятни

бошқарди. 1749 йили Бағдод пошоси қилиб тайинланган Сулаймон пошо

Абу Лейла мамлук гвардияси таркибидан чиққан Бағдоднинг биринчи ҳукмдори эди. 1780 йили Бағдодда ҳокимиятга Буюк Сулаймон келади ва 1802 йилгача Ироқни бошқаради. Буюк Сулаймон даврида мамлукларнинг таъсири янада кучайди. Деярли барча асосий лавозимлар ва катта ерлар улар қўлида тўпланди. Буюк Сулаймон курдлар ва бадавийларнинг қўзғолонларини бостириб, мамлакатда нисбатан барқарорликни таъминлади. Унинг даврида шаҳарлар кенгайиб, янги ҳимоя иншоотлари, аслаҳа омборлари, кўприклар ва бозорлар қурилди, масжидлар ва саройларни тиклаш ишлари олиб борилди.

 

 

 

Арабистон ярим ороли

Бу ер араб дунёсининг энг қолоқ ҳудудларидан бири эди. Ярим оролда феодал тартиблар билан бирга ибтидоий муносабатлар қолдиқлари ва қулчилик ҳам кенг тарқалган. Кўчманчи-бадавийлар

ва воҳанинг ўтроқ аҳолиси кўплаб душман қабилаларга бўлиниб кетганди. Арабистон аҳолисининг хўжалик эҳтиёжлари ҳамда чет эл босқинчилари (Усмонийлар империяси, Эрон ва европалик мустамлакачилар) хавфи майда амирликларнинг бирлашиш тенденциясини туғдирди. Бирлашиш ўта мураккаб, зиддиятли, иқтисодий ва сиёсий қолоқлик шароитида амалга оширилди. Чунки Муҳаммад давридан

то ваҳҳобийлик пайдо бўлгунгача Арабистонда ягона ҳокимият ва барқарор тинчлик бўлмаган эди. Асрлар давомида у майда-майда давлатларга, кўчманчи қабилаларга ва уларнинг иттифоқига бўлиниб, тўхтовсиз ўзаро урушлар олиб борарди. Алоҳида воҳалар

ва қабилаларнинг иқтисодий тарқоқлиги, мустақил хўжалик юритишга мослашганлиги, чўл ярим оролнинг бепоёнлиги, аҳоли яшаш жойларининг бир-биридан баъзан юзлаб километр узоқликда жойлашганлиги сиёсий тарқоқликнинг асосий сабабларидан эди. Араб

аҳолисининг қабилачилик ва маҳаллийчилик одатлари, шевалардаги фарқ, диний тасаввурларнинг хилма-хиллиги ҳам бирлашишга тўсиқ бўлаётганди. Умумий душманга қарши кураш зарурати

қабилаларни бирлашишга ундаётган асосий фактор эди.

 

 

 

Саудия Арабистони.

 

Шундай қилиб, Арабистон ярим оролидаги бирлашиш жараёни бир қатор нисбатан майда давлатларнинг ташкил топиши билан якунланди. Анча қизғин бирлашиш ҳаракатлари Арабистон ярим оролининг шимоли-ғарбий ҳудудларида, Нажд амирликларида юз берди. Араб

қабилаларининг бу ердаги ҳаракати ваҳҳобийларнинг диний таълимоти байроғи остида кечади. Бу таълимотнинг асосчиси наждлик Муҳаммад ибн Абд алВаҳҳоб (1703 –1787) бўлиб, у XVIII аср 30-йилларидан эътиборан

исломни «асл ҳолатига қайтариш» учун райиятни даъват эта бошлайди.

Бу пайтда мусулмонларнинг бирлашиш жараёни ўз манфаатларига мос тушмаслигини сезган Ғарб давлатлари бу жараённи тўхтатиш мақсадида мусулмонлар ўртасига нифоқ солиш учун

ҳаракат қилдилар. Шу вазифа билан мусулмон давлатларига кўплаб хуфиялар жўнатилди. Шулардан бири, турк, форс ва араб тилларини, Қуръонкаримни ва ҳадисларни мукаммал билган Хампер исмли шахс «Шайх Муҳаммад» номи билан Арабистонга келади. У Басрада таълим олаётган Муҳаммад ибн Абд ал-Ваҳҳоб билан танишиб,  ундан ўз мақсадлари йўлида фойдаланади. Бу мақсаднинг асосини исломни ич-ичидан бузиш сиёсати ташкил қилиб, у қуйидаги йўналишларда амалга оширилган:

мусулмонларни христиан динига ўтказиш; айрим шахсларнинг пайғамбарман деган даъво билан чиқиб, одамларни ортидан эргаштиришини қўллаш ва мусулмонларни бўлиб ташлаш; «Ислом дунёвий янгиликларни қабул қила олмайди» деган шубҳаларни уйғотиш. Ўзини «Нажддан чиққан пайғамбар» деб даъво қилган Муҳаммад ибн Абд ал-Ваҳҳоб ўз таълимоти билан шу сиёсатга хизмат қилди.

Нажддаги унча катта бўлмаган Даръийя давлатининг амири Муҳаммад ибн Сауд (1765 йили вафот этган) ва унинг ўғли Абдул Азиз (1765 –1803) 1744 йили Муҳаммад Абд-ал Ваҳҳоб билан

иттифоққа киришиб, ваҳҳобийлик1 таълимотини қабул қилади. Саудлар хонадони шу таълимот асосида Нажднинг бошқа амирликларини ҳам бўйсундириш учун кураш бошлаб юборди. Бу кураш 1786  йили Наждни ягона диний давлатга айлантириш билан якунланди.

Шу тариқа XVIII асрда Арабистонда мусулмон ислоҳотчилари –

ваҳҳобийларнинг Саудлар давлати пайдо бўлди. Бу давлат Арабистон ярим оролининг катта қисмини қамраб олди (марказий, шимолий ва шарқий вилоятлар, қадимда Нажд, Ҳижоз ва Ал-Хоса деб аталган).

Ҳижоз ҳудудида ислом дунёсининг иккита муқаддас шаҳри –  Макка ва Мадинанинг жойлашганлиги Арабистон тарихида жуда катта аҳамиятга эга бўлди. Мусулмон дунёсида ҳарбий ва иқтисодий салоҳияти кучайган ҳар бир давлат шу икки шаҳарни эгаллашга интилган. Бундан ташқари ҳар йили бутун дунёдан миллионлаб мусулмонлар бу ерга ҳаж сафарига келадилар.

Абд ал-Ваҳҳобнинг вафотидан сўнг Саудлар ваҳҳобийларнинг диний раҳбарига ҳам айланиб, ўз ғоялари ва ҳокимиятларини бошқа ҳудудларга ҳамёйишучун курашбошладилар.

XVIII аср охири – XIX аср бошларида улар Форс кўрфази ва Қизил денгиз қирғоқларидаги ерларни бўйсундирди, Ҳасу, Уммоннинг катта қисми, Баҳрайн,

Қувайт, Хижоз (Макка шаҳри билан) ни ҳам бирлаштириб, шу тариқа деярли бутун Арабистон ярим оролини ўз ҳокимияти остига олдилар. Кейин Сурия ва Ироқ учун уруш бошланди. Ваҳҳобийлар турк пошоларининг қўшинларини тор-мор қилдилар, аммо Сурия ва Ироқда аҳоли уларни Арабистондагидек қўллаб-қувватламади.

 

 

 

Яман.

 

XVII асрдаёқ Яманда турк босқинчиларига қарши қўзғолон бошланди. Бу қўзғолонга зейд мазҳаби раҳбарлари, хусусан, имом ал-Мансур Қосим бен Муҳаммад бошчилик қилиб, бу айни пайтда майда амирликларни бирлаштириш учун ҳам қилинган уриниш эди. Зейдлар VIII асрда яшаган Зейд ибн Алининг издошлари бўлиб, улар суннийлар билан шиалар оралиғидаги оқим эди.  Қўзғолончилар 1613 йили Ал-Куфла яқинида бўлган жангда турк

қўшинларини мағлубиятга учратиб, мамлакатнинг шимолини тўлиқ озод қилдилар.

Зейдлар туркларни қувиб чиқаргандан сўнг мустақил Яман имомлигини ташкил қилди. Уларнинг раҳбари – имом диний ва дунёвий ҳокимиятни ўз қўлида бирлаштирган эди. Бу давлатнинг барқарор чегаралари мавжуд эмасди.

1620 йили Қосим вафот этгандан сўнг имом қилиб унинг ўғли ал-Муайяд Муҳаммад сайланди. 1638 йили унинг қўшинлари Санани қамал қилиб, шаҳар остоналарида турк қўшинларини тор-мор келтирди ва Яман ҳудудини Ҳижоздан Аденгача озод қилишди.

Маълум муддатга мамлакатда барқарорлик ўрнатилиб, хўжалик ва савдонинг ривожланиши учун имкониятлар пайдо бўлди. Бироқ дастлабки имомлар даврида вужудга келган нисбатан тинчлик ва барқарорлик узоққа чўзилмади. Имом ҳокимияти унинг шахсий

обрўсига ва аскарларининг кучига таянган эди. Турклар қувиб чиқилиши билан аҳолини зейдлар байроғи остига бирлаштирган сабаб ҳам йўқ бўлди.

Турли вилоятлардаги феодаллар ўртасида айирмачилик ҳаракатлари кучайди; имомнинг доимий содиқлар тизимини йўлга қўйиш учун қилган ҳаракати қабилалар ўртасида норозилик келтириб чиқарди. Айрим ҳудудларда сохта имомлар пайдо бўлди. Имом Муҳаммад ал-Маҳди ҳукмронлиги даврида (1687–1718) марказий ҳокимиятга қарши бенихушейш, ҳамдан, бенихарис қабилаларининг қўзғолони бошланди. Қўзғолон кейинги имомлар даврида ҳам давом этди. 1728 йили Лахеж ноиби имом ҳокимиятини тан олишдан бош тортди. Кейин Яфа, Аулак, Аудали, Дала ва бошқа бир қатор ҳудудлар ҳам имом ҳокимиятини тан олмай қўйдилар.

XVIII аср охири – XIX аср бошларига келиб имомлар фақат Санада реал ҳокимиятга эга эди. Шунда ҳам давлат ишлари билан имомнинг қудратли вазирлари шуғлланар, имомлар эса улар қўлида борган сари қўғирчоққа айланиб бораётган эди.

 

 

 

Уммон.

 

Арабистон ярим оролининг жануби-шарқида жойлашган Уммон қадимдан Буюк Ипак савдо йўлининг муҳим тармоғи ҳисобланган. 1453 йили Константинополнинг турклар томонидан забт этилиши натижасида европаликлар Осиё билан янги савдо йўлларини излашга мажбур бўлдилар. 1507 йили адмирал Альфонсо де Албукерка бошчилигидаги португал денгиз қўшини Уммоннинг қирғоқ бўйи шаҳарларини забт этди. Бир неча ой ичида қирғоқ бўйини талаб, Ормуз оролида ўрнашиб олдилар. XVII аср биринчи чорагида Эрон шоҳи Аббос I Англиянинг Ост-Индия компанияси ёрдамида потугалияликларни Ормуздан қувиб чиқарди. Эроннинг ғалабаси маҳаллий аҳолига португалияликларнинг ночорлигини кўрсатиб берди. Бундан илҳомланган қабилалар бошлиқлари 1624  йили Уммон имоми қилиб Носир бин Муршид бин Султон алЯрибни сайладилар. У европаликларга қарши муваффақиятли кураш олиб борди. Бироқ мамлакат ичкарисида қабилалар ўртасида ҳокимият учун кураш тўхтамади. Натижада ўзаро урушлардан толиққан Уммонга 1738 йили эронликлар бостириб кирдилар. Улар Маскат ва муҳим стратегик шаҳар Сохарни эгаллаб олдилар. Шунингдек, ал-Хоса ва Бахрейн ҳам эронликлар қўлига ўтди. Эронликларга қаршилик ҳаракатига Соха ҳокими Аҳмад бин Саид Ал

Бу Саид бошчилик қилди. У йўқотилган ерларнинг катта қисмини қайтариб, 1749 йили янги имом қилиб сайланди. Шу тариқа алЯриба сулоласи ўрнига Бу Саид сулоласи келиб, то ҳозирги кунгача ҳукмронлик қилмоқда.

XVIII аср 40-йилларида эронликлар зулмидан озод бўлиб, ўз мустақиллигини тиклаган Уммон, қисқа вақт ичида нисбатан катта ва кучли имомликка айланди. Унинг ҳокимияти Уммондан ташқари Занзибар оролига (Шарқий Африка) ва Форс қўлтиғининг шарқий ҳудудларига ҳам жорий қилинди.

1783 йили Баҳрайн оролларидан эронликлар қувилгандан сўнг бу ерда ҳам мустақил араб давлати юзага келди. Ҳокимиятга келган Аҳмад бен Муҳаммад ал-Халифа (1782 –1790) Баҳрайндаги алХалифа шайхлар сулоласига асос солган бўлиб, бу сулола ҳозиргача ҳокимиятда турибди.

 

 

 

Қувайт амирлиги

XVIII аср биринчи ярмида Арабистон ярим оролида турклар зулмидан озод бўлган яна бир мустақил давлат – Қувайт амирлиги пайдо бўлди. Унинг биринчи сайланган амири шайх Сабах ибн Жабар ас-Сабах (1756 –1762) ҳозирги Қувайт ҳудудидаги барча қабилаларни бирлаштириб, Қувайт амирлигини тузди. Ас-Сабахлар хонадони бугунги кунда ҳам амирликни бошқармоқда.
Манба: Shuhrat Ergashov “Yangi davr tarixi” I kitob 468 bet

(Visited 14 times, 1 visits today)